Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Миландаги турк Хоқони

Баҳо:
+ | -

Азалдан маълумки, турк миллати шижоатли, курашувчан, жасур ва довюраклиги билан ном қозонган. Мана шу жиҳатларини ҳозир ҳам йўқотмай келаётган ушбу халқ вакиллари спорт оламида ҳам алоҳида ўринга эга. Тўғри, улар кўп жабҳада устун бўлмасликлари мумкин, аммо шунчаки таслим бўлиш ҳам уларга мос келмайди.

Турк футболи деганда кўз олдингизда пайдо бўладиган илк футболчи қайси? 5-6 йил олдин шу савол берилганда, ҳеч иккиланмасдан ҳаммамиз Арда Туранни кўрсатган бўлардик. Бироқ ҳозир ундай эмас. Ҳозир Туркияда янги футболчилар ва муҳими, янги етакчи бор. Ўша етакчининг исми – Хоқон Чалханоғлу.

Ҳозир шу футболчи ҳақида сўз юритишга жазм этдик. Унинг келиб чиқиши, спорт оламидаги фаолияти, ўйин услуби ва ҳоказолар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Германиялик турк

Қаҳрамонимиз 1994 йил 8 февралда Германиянинг Манхейм шаҳрида таваллуд топган. Исм-фамилиясидан унинг келиб чиқиши турк эканлигини англаш қийин эмас. Анча йиллар олдин Хоқоннинг ота-онаси Туркиядан Германияга кўчиб келишган. Маълумки, Туркиядан Германияга кўчиб ўтиш турклар учун худди бизнинг Россияга кўчганимиз билан тенг.

Футболчилик сир-асрорларини ҳам у немис диёрида ўргана бошлаган. Ўша пайти Германия иккинчи дивизиони аъзоси бўлмиш “Карлсруэ“ клуби Чалханоғлунинг илк жамоаси ҳисобланади. 2010 йилда туркиялик футболчи “Карлсруэ“да дебют қилганидан 2 йил ўтиб, “Гамбург“га кўчиб ўтади. Клуб билан 4йиллик шартнома имзоланади, аммо у дастлабки йилда яна қадрдон “Карлсруэ“сида ижара асосида ҳаракатланишда давом этади. “Гамбург“даги дебют учрашув 2013 йил 11 августга тўғри келади. Ушбу баҳсда 74 дақиқа ўйнаган Хоқон жамоасининг 3:3 ҳисобидаги жанговор дурангга эришишида катта ҳисса қўшади. Бу ердаги биринчи голини эса дебютидан 20 кун ўтиб, “Айнтрахт Брауншвейг“ жамоасига қарши ўйинда киритади.

Истеъдодли футболчи Гамбургда ҳам кўп ушланиб қолмади. Орадан 1 йил ўтар-ўтмас 14.5 миллион евро эвазига Леверкузеннинг “Баер“ига келиб қўшилди. Кутилганидек, бу клубда ҳам муваффақиятли ҳаракат қилган қаҳрамонимиз леверкузенликлар билан 3 йил бирга бўлди. Бу муддат давомида 115 расмий ўйинда 28 гол уришга муваффақ бўлган германиялик турк 2017 йил Италиянинг номдор “Милан“ клуби аъзосига айланди. Хоқоннинг Италиядаги фаолияти ҳақида қуйироқда батафсил гаплашамиз. Ҳозир эса бироз чекиниш қилмоқчимиз.

Ўзгача услуб эгаси

Хоқон Чалханоғлунинг айтишича, у кўпроқ туркиялик немис Месут Озил каби футбол ўйнашни хоҳлайди. Туркия терма жамоасида ҳам Озил Германияда қандай ўринга эга бўлса, шундай даражада бўлишни истайди. Ростан ҳам унинг ўйинларини кузата туриб, томошабинда Месутни қайта кашф этгандек тасаввур пайдо бўлади. Ноодатий ва ақлли узатмалар, майдонни кўра билиш қобилияти, жарима зарбаларидан устамонлик билан фойдаланиш каби хислатлари унинг услуби кимга ўхшаши эканлигидан далолат бериб туради.

Шунингдек, Чалханоғлу стандарт вазиятлардан тез-тез ажойиб голлар киритиб туради. Бу ҳам уни жуда иқтидорли дейишимиз учун асос бўлади. Айниқса, яқинда “Интер“ сафида бурчак зарбасидан урган голи ижтимоий тармоқларда шунчаки “бомба“ бўлди.

Италия томонларда...

2017 йил “Милан“га келиб қўшилган туркиялик истеъдод соҳиби “россонерилар“нинг фахрли 10-рақам эгасига айланди. Ўз вақтида бу рақам эгаси сифатида бу жамоада афсонавий Рууд Гуллит, Кларенс Зеедорф ва Звонимир Бобанлар тўп сурганини ҳам эслатиб ўтиш лозим. Кутилганидек, Хоқон шарафли либос сафида етакчиларга хос тарзда ҳаракат қилди. “Милан“ сафида 135 учрашув ўтказган футболчи 22 гол муаллифига айланди, 32 голга ассистентлик қилди.

Шундай ажойиб мавсумларнинг бирида Чалханоғлу клуб раҳбарияти билан шартномани узайтириш масаласида келиша олмади. Хабар қилинишича, ўша пайти ярим ҳимоячига 3.5 миллион евро маош таклиф қилишган. Футболчи эса икки баравар кўпроғини сўраган ва рад жавобини олган.

Шу тариқа, у янги жамоа излай бошлади ва бу кўп вақт, ҳатто, кўп масофа ҳам талаб қилмади. Хоқон Миланнинг нариги жамоаси “Интер“га ўтиб қўя қолди.

Ҳозир у “кўк-қоралар“ сафида ажойиб сермаҳсуллик қайд этмоқда. 17 ўйинда 6 гол ва 7 ассист. Ассистентлик бўйича А Серияда жамоадоши Николо Барелла билан биргаликда энг яхши кўрсаткич эгаси бўлиб турибди. “Интер“ эса айни пайтда, мусобақа пешқадами. Шубҳасиз, футболчи ва клуб учун жорий мавсум ажойиб ўтмоқда.

 ******

Ҳали мавсум якунланмади. Шундай экан Чалханоғлуда натижаларини янада яхшилаб олиш учун етарли вақт бор. Биз эса турк биродаримиз фаолиятига омад ва зафарлар тилаб қоламиз. А Серияда туркий халқ вакилларининг энг яхши бўлишига умид қиламиз.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 14:13, 03.01.2022.
Ўқилди: 3157 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.