“Бунёдкор” – “Насаф-2” учрашувидан кейин иккала жамоа бош мураббийлари қуйидаги фикрларни билдиришди.
Шуҳрат Тошпўлатов (“Насаф-2” бош мураббийи):
- Биринчи бўлимни жуда яхши даражада ўтказдик. Аммо “Бунёдкор”дек кучли жамоа ҳужумларига 90 дақиқа давомида дош бериб туриш қийин. Нима бўлишидан қатъи-назар, шогирдларим ҳаракатларидан қониқдим. Мени, айниқса, биринчи таймдаги ўйинимиз хурсанд қилди. Лекин, барчага аёнки, “Бунёдкор”нинг юқори савияси олдида бизнинг бир нима қилишимиз ғоятда қийин эди.
Ўйлайманки, мавсумга тайёргарликни ёмон ўтказмадик. Бугунги учрашув шуни кўрсатдики, биринчи лига клублари ўртасидаги мусобақага кўрган ҳозирлигимиз анча самарали чиққан. Биринчи лигадаги дастлабки вазифамиз ўз минтақамизда кучли саккиз қатнашчи орасига кириш бўлади. Кейинчалик эса турнирнинг энг юқори ўринлари учун курашамиз.
Миржалол Қосимов (“Бунёдкор” бош мураббийи):
- Биз бу баҳсда асосан ўйин амалиёти кам бўлган футболчиларимизга имконият бердик. “Гамба Осака”га қарши беллашув олдидан “Насаф-2” биз учун керакли спарринг рақиб вазифасини ўтади. Тўғри, биринчи бўлимда “Насаф-2” ҳимояда яхши ва бехато ўйин намойиш қилди. Бироқ биз меҳмонлардан ўйин савиясида катта фарқ билан устун эканлигимиз бутун учрашув мобайнида яққол исботланди. Ва охир-оқибат ҳаммаси якуний ҳисобда ўз аксини топди.