Хабарингиз бор, жорий йилнинг июнь ойида мамлакатимизда футбол бўйича 23 ёшгача футболчилар ўртасида Осиё кубоги ўйинлари бўлиб ўтади.
Қитъамизнинг нуфузли мусобақасини юқори савияда ўтказиш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Маълумки, қитъа биринчилигининг бир қатор учрашувларига вилоятимиздаги “Марказий” стадион мезбонлик қилади. Бугун ЎФА вице-президенти Одил Аҳмедов бошчилигидаги ишчи гуруҳ вилоятимизга ташриф буюрди. ЎФА ишчи гуруҳига сафар давомида Наманган вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси ҳамда Наманган вилоят футбол ассоциацияси раҳбарияти ва ходимлари ҳамроҳлик қилишди.
Ишчи гуруҳ вакиллари ташриф чоғида вилоятимизда терма жамоалар учун яратилган шароитлар, меҳмонхоналар ва машғулотлар ўтказиладиган стадионларни кўздан кечиришди. Меҳмонлар дастлаб вилоятимиздаги “Ойдин плаза”, “Шедевр”, “Ахсикент”, “Наманган-S” меҳмонхоналаридаги шароитлар билан яқиндан танишишди.
Шунингдек, ЎФА ишчи гуруҳи терма жамоаларнинг машғулотлари ва расмий учрашувлари ўтказиладиган Уйчи туманидаги “Пахтакор”, Наманган шаҳридаги “Динамо”, “Марказий” стадион захира майдонида яратилган шароитларни кўздан кечириб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича керакли маслаҳатларни беришди.
ЎФА вице-президенти Одил Аҳмедов бошчилигидаги ишчи гуруҳининг вилоятимиздаги “Марказий” стадион ва захира майдони билан танишиш жараёнида меҳмонларга Наманган вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси, Наманган вилоят футбол ассоциацияси раҳбарияти ва ходимлари билан биргаликда “Навбаҳор” футбол клуби ҳамда “Марказий” стадион раҳбарлари, жумладан, “Навбаҳор” ПФК президенти Отабек Саматов, клуб спорт директори Акмал Соҳибов, “Марказий” ўйингоҳ директори Набихон Абдуғаниев ҳамроҳлик қилишди.