Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Яна сеҳр-жоду бўйича айблов

Баҳо:
+ | -

Португалия футболининг ўзига хос қирралари жуда кўп - футболчи кашф қилиш, клубларнинг асосан трансферлар ҳисобига кўн кўриши, тўғри йўлга қўйилган ёшлар сектори... Шунинг баробарида битта салбий сифат ҳам йўқ эмас - мамлакат футболида сеҳр-жодудан ҳам фойдаланишлари ҳақида гап-сўзлар чиқиб туради. Мана, бу борада навбатдаги жиддий айблов - етакчи клублардан бири «Порту» алоҳида афсунгар ёллаб, уни шифокор сифатида рўйхатга киритган ва ойига 15 минг евро тўлаётган эмиш. Айни шу жамоа олдинроқ «Бенфика»ни сеҳр-жоду ишлатишда айблаганди.

2021 йилнинг охирги 9 куни португалиялик мухлисларни икки карра сийлади. Яъни мамлакат футболидаги асосий қарама-қаршилик кетма-кет икки марта кузатилди: «Порту» ва «Бенфика» клублари аввалига кубок турнири, ке­йин маҳаллий Примеро доирасида ўзаро тўқнаш келди. Португалияда жодуга уйғун футбол ҳақидаги янги гап-сўзлар айнан шу баҳслар арафасида чиқди. Айбловга кўра, «Порту»да деярли 6 ойдан буён катта маош эвазига ёлланган афсунгар иш олиб бораётган экан. Порту клуби вакиллари бундан 4 йилча олдин «Бенфика»ни худди шу масалада гумон остига олишганди.

«Порту»да жоду? Қанақасига? Ўзи гап қандай сеҳр ҳақида кетмоқда? Португалия­нинг етакчи футбол нашри A Bola барчасини атиги 3 қатор калимада баён этди:

- «Порту»нинг 83 ёшли президенти Пинту да Кошта узоқ вақт давомида табиб аёл Мадалена Аросо хизматига таяниб келган.

- Аросо хоним 2021 йилнинг июль ойидан эътиборан клубда шифокор сифатида ишламоқда.

- Табиб аёлнинг 1 ойлик иш ҳақи 15 минг еврога тенг. Бу «Порту» тизимидаги аксарият ходимларнинг маошидан кўпроқдир.

Шубҳа уйғотадиган томони, «Порту» клубларни ортиқча харажатдан тийилишга мажбур қилаётган ҳозирги пандемия шароитида шундай йўл тутмоқда. Қолаверса, молиявий «Фэйр-плей» қоидалари ҳам бор. Боз устига, «Порту» бу борада баъзи муаммоларга дуч келган ва ҳали ҳам маълум қи­йинчиликлар йўқ эмас. Жамоадаги молиявий муаммонинг асосий сабаби - ўтган мавсум чемпионлик кубогини кутилмаганда, «Спортинг»га топшириб қўйгани, албатта.

Қизиқ, Мадалена Аросо ким? У чиндан ҳам, табибми ёки жоду ишлатувчи аёл? Унга боғлиқ маълумотлар жуда кам. Фақат Мадаленанинг вақтида кўчмас мулк савдоси билан шуғуллангани маълум. Айтишларича, у Пинту да Кошта ва «Порту» раҳбариятининг бошқа вакилларини «Драгау» аренаси рўпарасида жойлашган офисида қабул қиларди. Табиб «Порту» шифокорлар штабига қабул қилингач, ўша офисини бутунлай ёпди. Кўринишидан, ойига 15 минг евролик иш ҳақига эга бўлгач, қўшимча даромадга эҳтиёжи қолмаган. Аниқлаштиришларича, Мадалена белгиланган маошни да Коштанинг яқин дўсти - бизнесмен Хосе Педро Пиньо ҳисоб рақамидан нақд шаклда олади. Дарвоқе, бу шахс ўйинлардан бирида операторга ташланган ва «Порту» раҳбарияти унинг клубга алоқаси борлигини инкор этганди. Лекин Пиньонинг «Драгау» аренасига тез-тез ташриф буюриши, ўйинларни томоша қилиш баробарида да Коштага маслаҳат бериши кўпчиликка маълум.

Айблов моҳияти нима? Аросо хоним ўйинга қандай таъсир қилади? Тахминий айбловларга қараб, ёқа ушлашингиз тайин:

- «Порту» жорий мавсум даҳшатли ўйнамоқда, Примеро турнир жадвалида етакчилик қилмоқда. Натижалари шунчаки, қойилмақом: 14та ўйин, 12та ғалаба, 2та дуранг (айблов вақтидаги натижалар).

- «Порту» кубок турнири1|8 финалида «Бенфика» билан тўқнашишидан олдин 5:0 ва 5:1 ҳисобларини қайд этди.

Ваҳоланки, танганинг иккинчи томони ҳам бор. Дейлик, «аждарлар» Португалия Лига кубогида омадсизликка учрадилар, яъни ҳаттоки, ярим финалга ҳам ўтолмадилар. Европа Чемпионлар Лигасига келсак, улар «плей-офф» йўлланмасини ютишга яқин эдилар, аммо якунда ЕЛга тушиб кетишди. Аниқроқ айтсак, «Порту» гуруҳ босқичи 6-тур ўйинининг деярли 60 дақиқаси давомида ўз квартетида ижобий натижани сақлаб турди, аммо охир-оқибат, «плей-офф» чиптасидан қуруқ қолди. Ўша гуруҳда «Милан» охирги ўйиннинг 7 дақиқасида керакли поғонада турди, аммо якун ўхшамади. «Атлетико» аксинча, 6-тур учрашувининг 59 дақиқаси давомида ЧЛдан ташқарида қолган ҳолда, охирида «плей-офф» иштирокчисига айланди. Бу борада Record нашрида берилган хабар остида қолдирилган изоҳлардан бирига эътибор қаратинг: «Агар жоду чиндан ҳам иш берганида эди, Африка мамлакатлари жамоалари жаҳон чемпионатида ғолибликни сира бегона қилмасди».

«Бенфика» шунга ўхшаш ҳолатда айбланганида, нима бўлганди? Буниси 2017 йил кузатилган воқеа. Лиссабон клуби 2016|2017 йиллар мавсумида маҳаллий лигада қаторасига 4-марта чемпион бўлди. Қолаверса, Португалия кубоги ва суперкубоги ҳам «Бенфика»га насиб этди. Жамоа шунингдек, Европа Чемпионлар Лигасида «плей-офф» босқичига кўтарилди. Мавсум якунига етгач, чамаси 1 ойдан сўнг «Порту»нинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Франсиску Маркеш «Бенфика» томон «ўқ» узди. Аниқроқ айтсак, у пойтахт жамоаси президенти Луиш Филиппе Виейра ва Гвинея-бисаулик афсунгар ўртасидаги ёзишмаларни ҳавола этди. Уларда сеҳргар ўз хизмати учун қанча олишни хоҳлашию, Виейра талабларга кўнгани акс этганди. Бироқ 8 март кунги воқеликдан кейин ҳаммаси ўз-ўзидан тинди. Чунончи, «Бенфика» ЧЛ 1|8 финалининг дастлабки ўйинида Дортмунд «Боруссия»сини 1:0 ҳисобида  енгган ҳолда ҳам устунликни сақлаб қололмади. Оддий айтганда, сеҳрлангани тахмин қилинган жамоа Германияда шунчаки, «куйиб кул» бўлди - 0:4. Кейинчалик жамоа афсунгарнинг айтганларини нотўғри бажаргани ҳақида гаплар чиқди, унинг бунақаси бошқа такрорланмаслиги ҳақида сўз бергани ҳам айтилди. Ҳа, такрорланмади - «Бенфика» баҳорда Португалия футболидаги 2та асосий сов­ринни ўзиники қилди. Афсунгарнинг ўзи расмий равишда Виейра билан мулоқотга чиққанини тан олди, аммо сеҳр ишлатгани ёки қандайдир шартнома тузганини мутлақо инкор этди. Клуб президенти эса барчасига оддий ва лўнда муносабат билдирди: «Ҳа, бизда афсунгар бор. У - бош мураббий Руи Витория». Қисқаси, Виейра клуб муваффақиятларини мураббий хизмати билан боғлади. «Бенфика» кейинги йили чемпионлик мақомини бой берди, 2019 йили эса маҳаллий лигада яна ғалаба қозонди.

«Порту» ва «Бенфика» ўртасидаги охирги ўйинларга келсак, сеҳрлангани айтилган «аждарлар» 23 декабрь куни кубок баҳсида рақибга заррача имконият қолдиришмади - 3:0. 30 декабрга ўтар кечаси яна Портуда бўлган чемпионат баҳсида эса 3:1 ҳисоби қайд этилди. Қисқаси, «Порту» ҳар икки ўйинда енгилгина ғалаба қозонди. Наҳотки, бунда сеҳр таъсири бўлса...?

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 13:03, 28.01.2022.
Ўқилди: 3151 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.