Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Дэвид Карни Япония сафари омадли бўлишига умидвор

Баҳо:
+ | -

“Бунёдкор”нинг австралиялик чап қанот ярим ҳимоячиси Дэвид Карни “Кун чиқар ўлкага” биринчи бор келиши эмас. 28 ёшли футболчи бунгача Японияга ўз ватандошлари билан келиб кетганди. 2005 йили Японияда ўтказилган Тойота кубоги учун клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида у “Сидней” ФК таркибида тўп сурган. “Сидней” чорак финалда Коста-Риканинг “Депортиво Саприсса” жамоасига имкониятни бой берган - 0:1. Аммо кейинчалик 5-ўрин учун учрашувда австралияликлар Мисрнинг “Ал-Аҳли” (Қоҳира) клубини 2:1 ҳисобида таслим этишган эди.

Тақдир Карнини кейинчалик яна Узоқ Шарққа олиб келди. ЖЧ-2010 саралаш турнири доирасида Австралия миллий терма жамоаси бу ерда мезбонларга қарши тўп сурди. Ўйинда ҳисоб очилмаган - 0:0.

“Иккала воқеа ҳам ёдимда яхши сақланиб қолган. Клублар ўртасидаги ЖЧнинг 5-ўрин учун баҳсида “Ал-Аҳли” дарвозасига киритилган иккинчи голга айнан мен муаллифлик қилгандим. Ҳисоб 1:1 бўлиб турган маҳалда, 2-бўлимда мен жамоамга ғалаба келтирган тўпни киритганман.
2009 йилнинг февралида бўлиб ўтган Япония - Австралия учрашувида ҳам иштирок этганимни унутганим йўқ, албатта.
Умид қиламанки, Японияга навбатдаги - ҳозирги клубим “Бунёдкор” билан амалга оширган ташрифим ҳам омадли чиқади. Бу учун шахсан мен майдонда ўзимнинг борки имкониятларимни ишга соламан”, - дейди Дэвид Карни.

“Японияда бизга осон бўлмаслиги аниқ. Кун чиқар юрт клублари ҳар сафар кучли жамоалар бўлиб келишган. Тўғри, “Гамба Осака”нинг ички чемпионатда ҳам, Чемпионлар лигасида ҳам омади чопмаяпти. Лекин улар бу қора анъанага чек қўйиш учун ҳаракат қилишлари турган гап. Биз ҳам ўз навбатида рақибнинг нохуш анъанасини давом эттириш учун бор кучимизни ишга соламиз. “Бунёдкор” Японияда ғалаба учун ўйнайди”.

Кейинги босқичга йўл олиш учун “Гамба Осака” ўзининг сўнгги имкониятига эга холос. Бундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, рақиб ҳужумга ўтишга мажбур. Бундай вазиятда эса Дэвид Карнидек тезкор футболчилар “Бунёдкор”нинг қарши ҳужумида жуда-жуда керак. Дэвид ўзининг тезкор ҳаракатлари билан “Бунёдкор”га асқотишини ҳис қилиб турибди.

“Албатта, ўзимни айнан шу жиҳатга тайёрлаб боряпман. Жанубий Кореяда қандай ўйнаган бўлсак, Японияда ҳам шундай футбол кўрсатамиз”.

Карнидан ташқари, ҳозирда “Бунёдкор” аъзолари бўлиб туришган бир қатор вакилларимиз учун ҳам бу галги сафар Японияга биринчи келиш эмас. Мисол учун, Миржалол Қосимов бу ўлкага футболчи ва мураббий сифатида бир неча бор келган. Яқинда эса ўз сафига Нестеров, Филипосян, Саломовларни жалб этган миллий терма жамоамиз японларни 1:0 ҳисобида доғда қолдириб қайтганди.

P.S. Дэвид Карни билан уюштирилган батафсил суҳбат тез кунда веб-сайтимизда ҳавола қилинади.

Манба: www.fcbunyodkor.com
Киритилди: 12:40, 03.04.2012.
Ўқилди: 7529 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.