«Валенсия» бош мураббийи Унаи Эмери «АЗ Алкмаар»га қарши учрашувдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашар экан, ўйин аъло даражада ўтканини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда УЕФА расмий сайти хабар бермоқда.
«Валенсия» – «АЗ Алкмаар» учрашуви 4:0 ҳисобида майдон эгалари фойдасига ҳал бўлди. Голландияда бўлиб ўтган дастлабки учрашувда «АЗ» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
«Аъло даражадаги ўйин гувоҳига айландик. Биз жуда ҳам самарали ўйин кўрсатдик. Ҳимояда рақибдан кўра яхшироқ ҳаракат қилдик. Умуман, биринчи ўйин билан таққослаганда, жамоамиз ўйинида ўсиш борлиги кўзга ташланиб турганди. Ҳимоядан ҳужумга жуда ҳам яхши ўтдик. Биз «Месталья»да ўзимизни жуда ҳам яхши ҳис қилдик», деди «кўршапалаклар» устози.
«Атлетико»га қарши ярим финал ўйини жуда ҳам оғир бўлади. Биз ҳам, хойнаҳой, улар ҳам ярим финалда ўзаро тўқнаш келиб қолишни истамаган бўлишса керак. Аммо, ҳаммаси шундай бўлиб қолди – энди уларни финалсиз қолдиришга ҳаракат қиламиз», деди Эмери.
«Еврокубокларнинг яримфиналига Испаниядан бешта жамоанинг чиққани – жуда ҳам ажойиб. Бунга, шунингдек, терма жамоанинг муваффақиятларини ҳам қўшимча қилса бўлади. Бунинг ҳаммаси испан футболининг кучидан далолат бериб турибди», деди «Валенсия» устози.
«Сўнгги вақтларда Испания чемпионатидаги ишларимиз кўп ҳам яхши кетмаяпти. Бу ҳолатни ўзгартиришимиз керак. Барча мусобақаларда бирдек кураш олиб боришга ҳаракат қиламиз. Умид қиламанки, якуний натижалар анча яхши бўлади», дея қўшимча қилди «Валенсия» бош мураббийи Унаи Эмери.