Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Солиха Ҳусниддинова: жароҳат, жарроҳлик амалиёти, хориж сафари ва термага чақирув ҳақида

Баҳо:
+ | -

Чиройли техникаси, такрорланмас финтлари, тўпни рақибидан олиб қўйиш ва рақибга топшириб қўймасликнинг устаси фаранги, кучли характери билан анча-мунча мухлис орттирган, “Бунёдкор” ва миллий терма жамоанинг моҳир чап қанот ярим ҳимоячиси сифатида тан олинган Солиха Ҳусниддинова ўтган мавсум бирорта жамоада кўриниш бермади. Кимдир уни чет элга кетган деса, бошқаси ота-онаси футбол ўйнашига қарши экан, дейишди.

Хабарингиз бўлса, ўтган мавсум якунига кўра уч нафар футболчи қизимиз омадини синаб кўриш учун Туркияга кетган эди. “Севинч” аъзоси Шаҳризода Зайниддинова, “Металлург” вакили Сетора Тақабаева ва АГМК футболчиси Камила Зарипова айни пайтда Туркиянинг “Трабзонспорт” аёллар жамоасида тўп суришяпти. Шуларнинг қаторида Солиханинг ҳам Туркия аёллар чемпионатида фаолият юритаётганидан хабар топдик. Уни суриштириб, излаб топгунимизча, унинг ўзи қаршимизда пайдо бўлди. “Чиғатой” спорт базасида машғулот ўтказаётган аёллар терма жамоаси таркибида у ҳам машқ бажараётган жараёнда учрашдик. Аёллар терма жамоамизда иш бошлаган япониялик мутахассис Мидори Хонда илк ўқув-машғулот йиғинига Солихани ҳам таклиф этган экан. Фурсатдан фойдаланиб, уни саволга тутдик.

- Солиха, 2019-2020 йилларда бир неча бор жароҳат олиб, анча-мунча ўйинларни ўтказиб юборганингиздан хабаримиз бор. Лекин 2021 йилги мавсумда бутунлай “йўқолиб қолдингиз. Нима бўлди?

- Ҳаммаси 2019 йилги “CAFA” турнирида бошланганди. Тошкентда ўтган мусобақанинг Эрон термасига қарши учрашуви 22-дақиқасида рақиб ўйинчиси билан тўқнашиб кетишим натижасида оёғимнинг тиззасидан жароҳат олдим. Узоқ вақт даволандим. Бу орада навбатдаги чемпионат бошланиши ҳам чўзилди – пандемия бошланиб кетди. Биласиз, ўша йили мавсумимиз Зоминда Суперкубок билан бошланган эди. “Бунёдкор” сафида “Севинч”га қарши майдонда эҳтиёткорлик билан 90 дақиқа ўйнадим, жамоа билан Суперкубокни соҳибига айландик. Кейин чемпионатнинг яна бешта учрашувида тўлиқ ҳаракат қилдим. Бу дегани, соғайиб бўлганимдан дарак эди. Афсуски, навбатдаги турда “Навбаҳор”га қарши ўйинда рақиб билан тўқнашдим, яна эски жароҳат қўзғалди. Икки ой даволандим. 3 ноябрь куни “Пахтакор”га қарши майдонга тушдим, ҳатто гол ҳам урдим. Бироқ, яна жароҳат. Охирги ўйиним шу эканлигини ўшанда тасаввур ҳам қила олмаётган эдим. Шу билан бошқа майдонга тушмадим.

- Ота-онангиз футболни билан шуғулланишни тўхтатишингизни, тўп тепишингизни таъқиқлашгани ростми?  

- Рост. Қайта-қайта жароҳат олаверганимдан, жоним қийналганидан, улар шу хулосага келишган эди. Жароҳатимни озгина даволагандек бўлдимда, сузиш хавзасига ва фитнесга қатнай бошладим. Уйимдагилар эса футболга руҳсат беришмади. Ҳатто “Бунёдкор” билан яна бир йилга мўлжалланган шартномамни ҳам бекор қилишга, футболни умуман ташлашга ундашди.

- Футболдан узоқлашиш осон бўлмагандир?

- Ҳа, икки ойни футболсиз ўтказдим. Кўп сиқилдим, тўп тепишни жуда қўмсадим. Футбол ҳаётимнинг мазмунига айланиб бўлганлигига ишонч ҳосил қилдим. Ва буни ота-онамга ҳам ётиғи билан тушунтирдим. Уларнинг ҳам кўнгиллари бироз юмшади, якка ўзимнинг тўп билан машғулот қилишимга рухсат беришгандек бўлишди. Тўп билан ишлашни давом эттирдим. Афсуски, 2 февраль куни машғулот чоғида тиззамни қайриб олдим, яна эски жароҳат такрорланди. Тиззамни МРТ қилдирдим, шифокор агар тиззамдан жарроҳлик амалиётини ўтказмасам, бошқа футбол ўйнолмаслигимни тушунтирди. Жарроҳлик учун кичкина бўлмаган маблағ керак эди, менда эса бундай маблағ йўқ эди. Ота-онамга айтишнинг эса умуман имкони бўлмаган, уларни қўрқитиб юборишим аниқ эди. Нима қилиш керак? Маслаҳат олиш учун ЎФАга қўнғироқ қилдим. Уларнинг маслаҳати билан клиникадан жарроҳлик учун ҳужжатларни олиб келдим, ЎФА маблағ ўтказиб берди. 3 март куни эрталабдан жарроҳлик қилишга тайёрлашди. Рости, жуда қўрқдим. Олдимда ота-онам, яқинларим йўқ, чунки уларга билдирмаган ҳолда қиляпман бу ишларни. Нима бўлган тақдирда ҳам тушкунликка тушмасликка, ҳаммаси яхшилик билан тугашига ўзимни ишонтиришга уриндим. Кўзимни очсам реанимация хонасидаман. Оғриқнинг кучидан бақириб юбордим, додлаб йиғладим. Яна укол қилишди. Кейин палатага олишди. Шифокор келиб, жарроҳлик яхши ўтганлигини, оёғим соғайиб кетишини, энди бемалол футбол ўйнашим мумкинлигини айтганида оғриқдан эмас, қувонганимдан йиғладим. Уч кун ётдим. Оғриқ йўқолмаганди, лекин “Бунёдкор”даги дугоналарим мени ёлғизлатишмади, мураббийларим қўнғироқ қилиб, далда бериб туришди, ЎФАдан вакил сифатида Акмал Қорабоев хабар олиб турди. Шуларнинг далдаси билан оғриқларга чидадим. Касалхонадан чиқиб ҳам уйга бормадим. Онамнинг мазалари йўқ эди. Менинг ташвишим вазиятни оғирлаштириши мумкин эди. Шунинг учун уларга мусобақадаман, деб қўя қолардим. Мени шу аҳволда кўришларини истамас эдим. Дугоналаримга минг раҳмат, бир ой мени асраб-авайлашди, ташвишимга шерик бўлишди. Шифокор маслаҳати билан  махсус машқлар бажардим, секин-секин аввалига ҳассаларда, кейин дугоналаримнинг ёрдамида ҳассасиз юришни бошладим. Бу орада акам уйланадиган бўлиб қолди. Янги уй олган эдик, таъмирдан чиқаришган эди. Айниқса, тўй кунлари иш кўпайиб кетди. Жарроҳликдан кўп ўтмаганми, тиззам букилмайди, юришим қийин, оқсоқланаман, сўраганларга жароҳатим билиняпти, деб қўяман.  Хуллас, ўзимдан ўтганини ўзим билдим. Тўй яхши ўтди. Кейин яна сув ҳавзасига қатнадим, велосипед миниш машқларини бажардим.

- Шу ҳолда ҳам футболни ўйладингизми, яна майдонга тушишга ишонармидингиз?

- Тўп тепмаганимга 7-8 ой бўлди, ҳатто телевиденияда футбол кўрмадим ҳам, ярам янгиланмасин деб. Лекин бирор кун, бирор соат йўқ эдики футболни ўйламаган, соғинмаган бўлсам. Ҳаёлимда фақат футбол эди. Бу ҳолатимни уйдагиларимга ҳам сингдира олдим. Футболсиз яшай олмаслигимни, бунинг учун Туркияга кетишим, ўша ерда ишлаб, ўзим жамоа топиб, ўз мақсадларимга эришишимнинг ягона йўли эканлигига уларни ишонтира олдим.

- Нима учун айнан Туркия вариантини танладингиз? Ёки танишларингиз бормиди?

- Аслида олдиндан Европа клубларида ўйнаш ниятим бор эди. Бу борада Туркияни ёқтирар эдим, чунки тилини яхши биламан. Қолаверса, жароҳатдан кейин анча руҳан чўккандим, ҳаво алмаштиришим зарурлигини ҳис қилдим. Ҳаммасини бошидан бошлашни хоҳладим. Аниқ режам бўлмасада, таваккал қилишимга тўғри келди. Қўрқув бўлмади, кўнглим хотиржам эди. Яратганга таваккал қилдим.

 

- Туркия ҳаёти қандай бошланди? Футбол билан қай тариқа боғландингиз?

- Туркияда холам яшасада, мен бормоқчи бўлган Истанбулдан анча узоқда эди, шунинг учун уни безовта қилмадим. Махлиё опам ёрдам берди, унинг яқин таниши мени Истанбулда кутиб олиб, жойлаштирди. Бир ой ўтиб ўзим мустақил бошқа уйга кўчдим. Яшаш учун курашиш керак эди, уйдагиларга оғирим тушмаслиги керак эди. Кунига олти соатли, ветеринария соҳасида иш топдим. Тушгача шу ерда ишладим, тушдан кейин спорт залда шуғулландим. Яхши одамлар билан танишдим, улар ҳам барчаси яхши бўлишига ишонтиришди. Тиззам соғая бошлаган сари машғулотларга кўпроқ вақт зарурияти туғилди. Энди ҳам иш, ҳам машғулотни бирга олиб боришга вақт етмай қолди. Тирикчилик учун эса Тошкент билан онлайн савдони бошладим – танишларим буюртма беришади, мен юбораман, ўзим учун етарли маблағ ишлаб топардим. Октябрь ойига келиб ниҳоят майдонга чиқдим, югурдим, тўп билан ишлай бошладим. Қарангки, шу майдонда аёллар чемпионатининг 2-лигасида жамоаси бор экан. Ўша қизлар билан бирга машғулотлар олиб бордим. Улар менга, мен эса уларга ёқиб қолдим. Шундай машғулотларнинг бирида бир мураббий мени кузатиб турди ва охирида “бизда ўйнайсизми” деб қолди. Ўйлаш учун озгина муддат сўрадим, сабаби бу жамоани ўрганишим керак эди. Маълум бўлишича, мураббий таклиф қилган жамоа асосан янги кадрлар излаб топар, ўйнатар ва бошқа клубларга сотар экан. Ўзимни реклама қилиш учун айни муддао эди. Орада ўзимга агент ҳам топдим. Агентим “Трабзонспорт” жамоасига таклиф қилди. Ўзимни кўрсатсам олиб қолишини айтди. Лекин бу жамоа янги очилгани учун у ҳақида маълумот топа олмадим, якунда бошқа жамоага ўтдим. “Кожаели Баян” жамоаси билан тил топишдим. Кўп ўтмай унинг асосий таркиб аъзосига айландим. Ўзимни кўрсатиш учун бор кучим билан ҳаракат қилдим. Бир-икки клублардан таклифлар бўлди. Мураббийим ҳеч бўлмаса бир йил шу жамоада ўйнашимни, барчаси кўнгилдагидек бўлса, унинг ўзи энг кучли жамоага тавсия этишини айтди.

 

- Шартнома ҳам туздингизми? Туркия аёллар чемпионати қандай экан?

- Ҳа, бир йиллик шартномага имзо чекдим. Бу мамлакатда аёллар футболи бўйича бир нечта лигалар бор. “Кожаели Баян” олий лигада иштирок этади. 24 жамоа қатнашадиган чемпионатнинг  кучли ўнталигида боряпти.

 

 

- Туркияда сиздан ташқари яна уч нафар қизимиз фаолият юритишяпти. Улар билан кўришдингизми?

- Биламан. Лекин ҳали кўришганимизча йўқ, чунки улар узоқда жойлашган, жамоаларимиз ҳали рўбарў келмади.

 

- Ўзбекистон аёллар термасига чақирув қай тариқа рўй берди?

- ЎФАдан телефон қилиб, таклиф қилсак тайёрмисан, деб қолишди. Икки йил икки ойлик танаффусдан кейин бундай таклифни эшитиш жуда ҳузурли эди. Ўйлаб ҳам ўтирмай розилигимни айтдим. Ҳаммани – ота-онам, яқинларим, жамоадошларим, мураббийларимни соғингандим. Икки ҳисса кўпроқ машқ қилиб, тайёрландим. Орадан қанча сувлар оқиб ўтди, кўп воқеалар бўлди. Лекин афсусланмайман. Дунёқарашим, фикрлашим ўзгарди. Менга ишонмаганлар, “энди оёққа туролмайди, футбол ўйнолмайди” деганлар қанча эди. Иродам кучли эканлигига ишондим. Яратганга шукур айтаман. Шунча йўлни босиб ўтдим, шу ергача келдим, ҳали-бери тўхташ ниятим йўқ. Ишлашда давом этаман.

 

 

- Термадан-ку чақирув бўлибди, Ўзбекистондан бошқа жамоалар таклиф билан чиқишмадими?

- Чиқишди. Лекин ҳозирча Туркиядаги янги ҳаётимни энди бошладим. Балки вақти келиб қайтарман ҳам.

 

-  Футболга кириб келишингиз тарихидан ҳам икки оғиз гапириб ўтсангиз.

- 7-синфда жисмоний тарбия дарсида синфдош болалар билан футбол ўйнар эдим. Бир куни дарсда ўтирсам, мени директор хонасига чақиришди. “Қушбеги” аёллар жамоасидан вакил келиб, мени жамоага таклиф этишаётган экан. Дадам билан гаплашган эканлар, рози бўлибдилар. Бир йилдан кейин онам “қиз боласан” деб, қаршилик қилдилар, дадам ҳам “бир йил ўйнадинг, етар” дедилар. Шу пайтда мени 16 ёшлилар термасига таклиф қилиб қолишди. Шри-Ланка мамлакатига боришимиз лозим эди. Шу-шу бўлдию, футболни давом эттирдим. Футболда биринчи мураббийим Шуҳрат Файзиев бўлади.

Солиханинг ўзбекнинг оддий, самимий, хушфеъл қизи сифатида қанчадан қанча оталарнинг, ака-укаларнинг “ўзбек қизи футбол ўйнаши мумкин эмас” деган тушунчаларини чиппакка чиқаришда яхши восита бўлганлигини билар эдик. Унинг ота-онасини аяб, оғриқдан азоб чекиб, мусофирчиликни бўйнига олиб, йўлида дуч келган барча қийинчиликларга дош бериб, ягона мақсад сари дадил интилишига гувоҳ бўлар эканмиз, унга баралла овозда тасаннолар айтса арзийди.    

Манба: pfl.uz
Киритилди: 06:27, 10.02.2022.
Ўқилди: 1463 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.