Бугун “Спорт” телеканали жонли эфирида Суперлиганинг янги мавсумига қуръа ташланади. Унда жамоалар Бергер тизими асосида ўз рақибларини билиб олади.
Биз 2021 йил давомида Суперлига клубларни стадион ёритиш тизимини яхшлашга чақириб келдик. Хусусан, ўтган мавсум ёзнинг уч ойида “Қўқон-1912”, “Сурхон”, “Машъал” ва “Андижон” жамоалари уй учрашувларини бошқа стадионда ўтказишига тўғри келди. Эндиликда “Сурхон” стадиони талаб даражасига келгунига қадар клуб ўз уй учрашувларини Самарқанддаги “Динамо” стадионида ўтказади. “Қўқон-1912” эса Яйпандаги “Ўзбекистон” стадионида рақибларини қабул қилади.
“Нефтчи” ва “Олимпик” жамоалари стадионида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани туфайли, улар мавсум стартида уй ўйинларини бошқа ареналарда ўтказади. “Нефтчи” Яйпандаги “Ўзбекистон” стадионидан, “Олимпик” Тошкентдаги “Пахтакор” стадионидан фойдаланиб туради.
Қуръа аввалида уй ўйинларини бир стадионда ўтказадиган клублар ўзаро жуфтликларга ажратиб олинади. Шу орқали бир тур доирасида мазкур жамоаларнинг бири сафарда, иккинчиси эса уйда ўйнаши таъминланади. Демак, қуръа аввалида қуйидаги уч жуфтлик алоҳида ажратиб олинади: “Пахтакор” ва “Олимпик”, “Динамо” ва “Сурхон”, “Нефтчи” ва “Қўқон-1912”.
Қуръада шарчаларни тортиш айнан мана шу жамоалардан бошланади. Бергерга кўра, қуйидаги рақамлар ўзаро жуфт ҳисобланади:
1 ва 8;
2 ва 9;
3 ва 10;
4 ва 11;
5 ва 12;
6 ва 13;
7 ва 14.
Маълумот учун. Агар жуфтликка ажратиб олинган жамоаларга 4 ёки 11 рақамларидан бири тушса, ушбу икки клуб 1-турдаёқ тўқнаш келади. Қолган комбинацияларда бундай ҳолат кузатилмайди.