«Тоттенхем» бош мураббийи Антонио Конте «Бёрнли»га сафарда 0:1 ҳисобида мағлуб бўлганидан кейин хафа бўлганини яширмади.
"Мен бу ерга клубга ёрдам бериш учун келдим, агар муаммо мураббийда бўлса, мен кетишга тайёрман, муаммо йўқ. Мен бу ҳолатга ўрганмаганман. Қўлимдан келганча ҳаракат қиляпман, лекин вазият ўзгармаяпти. Мен клуб нима истаётганини муҳокама қилишга тайёрман. Мен клубга ёрдам беришни хоҳлайман, қаттиқ ишлайман, жуда қаттиқ ишлайман, кунига 20 соатимни «Тоттенхем»га бағишлайман ва қолган тўрт соатини ухлайман, аммо бу етарли эмас.
Балки яхши ўйин намойиш этгандирмиз, аммо мағлуб бўлдик. Мен учун бу қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Бешта ўйиндан тўрттасида мағлуб бўлиш «Тоттенхем» учун фалокат ҳисобланади.
Мен ҳақиқатан ҳам вазиятни яхшилаш учун келдим. Балки мен ҳозир вазиятни унчалик яхши ўзгартира олмаётгандирман. Мен кўзларимни юмиб, шундай давом этиб кета олмайман, чунки мен жуда ҳалолман.
Биз, албатта, клуб билан гаплашиб, энг тўғри йўл топишга ва жамоани бу вазиятдан олиб чиқишга ҳаракат қиламиз. Ҳозир бунинг учун тўғри пайт. Мен жуда хафаман. Охирги бешта ўйинда худди тирик қолиш учун курашаётгандек ўйнадик. Ҳақиқат шу. Эҳтимол, бирор нарсани нотўғри қилаётгандирмиз.
Мен масъулиятни ўз зиммамга олмоқчиман. Агар шундай бўлса, мен ҳар қандай қарорга тайёрман. Мен мағлуб бўлишни ёмон кўраман. Айни дамда маошимни олишга лойиқ эмасман. Бундай ўйин билан биз 10, 12, 13-ўринларни эгаллашимиз мумкин. Мен жамоага келганимдаги ўрни билан мавсумни якунлашимиз мумкин», - деди Конте BBC билан суҳбатда.