Йигитча 19 ёшигача нималар қилди?
«Вильярреал» 19 ёшли Йереми Пинонинг покери эвазига «Эспаньол»ни мағлуб этди (5:1). Бунинг учун футболчига 39 дақиқа (14-дан 53-дақиқагача 4 та гол урди) ва тўртта зарба керак бўлди. Шундай қилиб, йигитча «сариқ сув ости кемаси» тарихига кирди ва бир вақтнинг ўзида бир нечта муҳим рекордларни янгилади.
19 ёшда покер (!)
• Пино 19 ёш-у 130 кунлигида Испания чемпионати тарихидаги тўртинчи энг ёш покер қайд этган футболчига айланди. У Хосе Ирарагорри (17 ёш-у 344 кун, 1930 йил), Хайме Ласкано (19 ёш-у 42 кун, 1929 йил) ва Санти Минадан (19 ёш-у 125 кун, 2015 йил) кейинги ўринларни эгаллайди.
• Йереми 1948 йилдан бери Испания чемпионатининг биринчи ярмида учта гол урган энг ёш футболчи. Ундан олдин Пабло Ольмедо буни 1948 йилнинг ноябрида ушбу натижани қайд этган.
• Топ-5 лига доирасида эса ўша пайтда «Ренн»да ўйнаб юрган Усмон Дембеле ҳам биринчи бўлимда учта гол урган эди. Француз буни 18 ёш-у 296 кунлигида амалга оширган. Агар ушбу натижани ҳам қўшиб ҳисобласангиз, Пино иккинчи ўринда бўлади.
• Энг қизиқарли томони шундаки, Йереми Ла Лигада 4 марта гол урган илк «Вильярреал»нинг илк футболчисига айланган.
Бу йигитча ҳақида нималарни биламиз?
Канар оролларидаги Лас-Пальмас шаҳрида туғилган Пино 2014 йилда шу ернинг маҳаллий жамоасида ўйнаган. 2017 йилнинг июнь ойида Йеремига «Барселона»га ўтишни таклиф қилишди, лекин у «Вильярреал»ни танлади. Сабаби эса футболчи каталонияликлар жамоасида ўйнай олишига ишонмаган: «Вильярреал» Пинога 4 йиллик шартнома ва кўплаб бонуслар таклиф қилди.
Пино «сариқ сув ости кемаси» сафига 2020 йилнинг ёзида қўшилган ва унинг катталар футболидаги дебюти ўша йилнинг октабр ойида Европа лигаси доирасидаги Туркиянинг «Сивасспор» клубига қарши ўйинида бўлган. Шундан сўнг Йереми мунтазам равишда майдонга туша бошлади ва ҳатто баъзида ўз номига гол ҳам ёзиб қўйишни бошлади (71 ўйинда 18 гол ва 5 голли узатмани).
Европа Лигасида ғалаба қозониш орқали Пино турнир тарихидаги ғолиб бўлган энг ёш футболчига айланди. Бу яна бир ажойиб ютуқ ҳисобланади.
Терма жамоа миқёсда ҳам Йеремининг ишлари жойида: у Испания ёшлар терма жамоаси сардори ҳисобланади ва Луис Энрике бошчилигидаги катталар терма жамоаси сафида ҳам иккита ўйин ўтказишга муваффақ бўлган.
Майдонда қандай ишларни бажаради?
Пино ёшларга алоҳида эътибор қаратадиган клубда ўйнагани учун омадли футболчи деб қаралади. Унинг асосий хусусияти дриблинг: қаршиликни енгиб ўтиш, ўз тезлиги билан рақибларни ортда қолдириш, аниқ пас бера олиш ва шерикларига гол уриш учун шароит яратиб бериш. Йереми майдондаги ҳар бир чизиқ учун курашадиган футболчи ҳисобланади.
Пино ҳаракат йўналишини тезда ўзгартиради, шунингдек, рақиб ҳимоясини ёриб киришни ҳам яхши уддалайди.
Шунингдек, Йеремида пенальтилар ва хавфли жарима зарбаларига олиб келадиган қоидабузарликларни ишлаш қобилияти ҳам бор. У тўпни оёқнинг ташқи томони билан мукаммал бошқара олади. Пинонинг бўйи пастроқ (172 см), лекин танаси билан тўпни ажойиб тарзда яширади.
Аммо камчиликлар ҳам бор: у бутун ўйинга энергиясини тенг сарфлаш бўйича бироз ишлаши керак. Кўпинча 60-дақиқадан кейин футболчида чарчоқ аломатлари сезилиб туради. Кейинги минус шундаки, у дарвоза томон жуда кам зарба беради, шунингдек у тепган тўплар одатда жуда кучсиз бўлади.
«Гол уришни унутма!» — шундай қилиб, ҳар бир ўйин олдидан Пинонинг отаси ўғлига шундай кўрсатма берарди. «Аммо кейин ўйин бошланади ва ... ҳар доимгидек мен гол уришни унутиб қўяман».
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.