Хабарингиз бор, бугун Чемпионлар Лигаси нимчорак финал доирасидаги марказий ўйинлардан бири ўтказилади. Мазкур баҳсда қандай натижа қайд этилиши олдиндан айтиш қийин. Шунга қарамай, бир неча омилларни ҳисобга олган ҳолда таҳлил қилишга ҳаракат қиламан.
Ушбу учрашувда қайси футболчилар асосий саҳнага чиқиши мумкин?
"Манчестер Юнайтед" сафида Криштиану Роналдунинг ўрни катта. Айниқса, марказий учрашувларда португалиялик юлдуз ўз тажрибаси ва ҳали ҳам футбол ўйнаётгани, фаолиятини давом эттираётганини намойиш этади.
Роналду нима учун «Атлетико»га қарши баҳсда масалани ҳал қилиши мумкин? Ундаги бор характер ва ирода кўп ҳолларда бунга замин яратади. 37 ёшли ҳужумчи шу кунга қадар Чемпионлар Лигаси расмий баҳсларида 11 марта «Атлетико»га қарши тўқнаш келган ва 7та гол уришга эришган.
Роналдунинг «Атлетико»га қарши барча ўйинлардаги статистикаси: 35 ўйин ва 25 гол. Тўрт марта хет-трикка эришган. Энг охиргиси «Ювентус» сафида фаолият олиб борган даврга тўғри келади. Биринчи баҳсда 0:2 ҳисобида Диего Симеоне жамоасига имкониятни бой бериб қўйган туринликлар, жавоб баҳсида Криштианунинг хет-триги эвазига 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишган ва «Атлетико»ни мусобақадан чиқариб юборишганди.
2016/17 йилги мавсум ЕЧЛ ярим финал баҳсида «Атлетико» «Реал» майдонидан 0:3 ҳисобидаги мағлубиятни қабул қилиб олган ва учрашувдаги барча голларни Криштиану Роналду киритганди.
Тўғри, Роналду фаолиятининг чўққисидан тушиб бўлган ва 5 йил олдинги сермаҳсуллигини кўрсата олмаяпти. Лекин, унинг «Тоттенхем»га қарши баҳсдаги кучини ҳамма кўрди.
Жорий мавсум, Роналду Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг ҳар бир ўйинида гол урганини ҳам эсдан чиқармаслик керак.
Жоао Феликс ва Антуан Гризманн
Мана шу жуфтлик бугун «МЮ» учун катта бош оғриғи бўлиши мумкин. Бундан ташқари, икки йил олдин Маркус Льоренте «Ливерпуль»га қарши баҳсда нималар қилганини ва мерсисайдликларни ўз уйида қандай ҳолатга туширганини ҳам ёдда тутиш лозим. Бугун у «Энфилд»да қилган ишини "Олд Траффорд"да такрорлай олмайди, деб ҳеч ким 100 фоиз ишонч билан айта олмайди.
10 йилдан ортиқ вақт давомида «Атлетико»ни бошқариб келаётган Диего Симеоне ҳамкасби Ральф Рангникдан анча тажрибали ва катта ўйинларда ўзини кўрсата оладиган мутахассис ҳисобланади. Унинг даврида жамоа икки бор ушбу мусобақа финалига қадар етиб борган.
Роналду етакчилигидаги «МЮ» ва аргентиналик мураббий бошқарувида жамоавий шаклланган «Атлетико» клублари ўртасидаги ўйинни кўриш қизиқарли воқеаларга бой бўлишига ишонаман.
Нодиржон Абдурасулов, Stadion.uz сайти журналисти