Чемпионлар лигасининг 1/8 финал жавоб ўйинида "Ювентус" жамоаси ўз майдонида "Вильярреал"га 0:3 ҳисобида имкониятни бой бериб, турнирни тарк этди. Биринчи ўйин 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланганди. Учрашувдан кейин "Ювентус" бош мураббийи Массимилиано Аллегри ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«65 дақиқа ўзимиз хоҳлаган ўйинни кўрсатдик, йигитлар яхши ўйнашди. Қайсидир паллада «Вильярреал» ҳимояга ўтди ва битта вазият ҳаммасини остин-устун қилиб юборди.
Биз бу мағлубиятни қабул қилишимиз керак, лекин бу жуда хунук. Лекин йигитлардан нолимайман, улар яхши ўйнашди. Мен ҳеч кимдан ғазабда эмасман.
Мен Эмерини табрикладим, у бу ўйинга тўғри ёндашди - бу унинг одатий учрашувларидан бири эди. Биз олдинга боришимиз керак, мағлубиятни ўйлаб юриш ҳеч кимга ёрдам бермайди.
Футбол шундай. Баъзида ишлар сизнинг фойдангизга, баъзида эса зарарингизга ишлайди. Буни фақат қабул қилиш керак.
Биз тўпни силжитишга ҳаракат қилдик. «Вильярреал» ҳатто тўққиз нафар футболчиси билан ҳимояда ўйнади, керак бўлса қарши ҳужумга ўтишга ҳам уринмади.
Биринчи бўлимда бизда имкониятлар бўлди, рақиб эса қўшимча вақтни мақсад қилган ёки баъзи вазиятлардан максимал даражада фойдаланмоқчи эди. Биринчи пенальтида биз жуда содда ҳаракат қилдик. Кейин яна иккита гол ўтказиб юбордик ва ўйин назоратини қўлдан бой бердик”, — деди «Ювентус» бош мураббийи Amazon Prime Italia билан суҳбатда.