Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Рафинья: «Бавария»даги онларни роса қўмсайман...»

Баҳо:
+ | -

Рафинья 2019 йилнинг ёзида «Бавария» билан хайрлашиш чоғи анча қийналгани турган гап. Зеро, у Мюнхенда нақ 8 йил фаолият юритиб, FCB либосини энг кўп вақт ва ўйинда кийган бразилияликка айланди. Ўнг қанот ҳимоячиси айни пайт ўз ватани Бразилияда «Сан-Паулу» шарафини ҳимоя қилмоқда. У шунингдек, «Фламенго», «Олимпиакос» ва «Гремио» клубларида ҳам муносиб тўп сурган. «Бавария»нинг расмий журнали - «51» мухбири яқинда Рафинья билан боғланиб, ишлари қандай кетаётганига қизиқди.

- Рафа, Германияни анча соғинган бўлсанг керак...

- Биламан, Мюнхен ҳозир ҳам анча совуқ. Сан-Паулуда эса илиқ ҳаво ҳукмрон, шаҳар яна гўзал. Тўғри, ҳалигача «Бавария»даги онларни қўмсайман, албатта.

- Айнан нималарни?

- Германияда нақ 15 йил яшадим. Айниқса, Мюнхендаги 8 йил жуда ёқимли ўтди. Футболдан бўш вақтда турмуш ўртоғим билан шаҳар ва унинг атрофи бўйлаб армонсиз сайрга чиқардик. Табиийки, у ерда бир талай дўстларимиз бор. Германия ҳаётидаги нимани кўпроқ қадрлайман? Тартиб ва интизомни. Дейлик, Бразилияда соат 10да учрашишга келишсангиз, бу камида 10:20да кўришишингизни англатади. Германияда эса соат 10:00га келишдингизми, тамом, бир дақиқа ҳам кечикмаслигингиз керак. Бундай аниқлик, интизом ва ташкилотчилик айнан немисларга хос. У ерда шифохоналар, хавфсизлик хизмати, қўйингки, барчаси аъло даражада ишлайди. Тўғриси, немис маданиятини роса соғиндим.

- ... Бироқ 2019 йили қўққисдан Бразилияга қайтишни хоҳладингиз.

- Чиндан ҳам, қайтиш вақти келганини англагандим. Ахир узоқ вақт жонажон ватанимдан узоқда яшадим. Онам, укам, синглим ва дўстларим шу ердалар. Улар фаолиятимнинг энг ёрқин даврини бевосита кузата олишмади. Ахир 19 ёшдаёқ уйдан чиқиб кетгандим. Энди бирга ўша бўшлиқ ўрнини тўлдиряпмиз.

- Ортга қайтганингиз билан «Фламенго» сафида чемпион бўлдингиз, камига «Либертадорес» кубогини ҳам қўлга киритдингиз.

- Ҳа, 2019 йил мен учун ўзгача келди. Энди ҳисобимда 2та «требл» бор: Германия ва Бразилияда қайд этилгани. Ўша мавсум ҳам Бразилия, ҳам Жанубий Американинг энг яхши ўнг қанот ҳимоячиси сифатида тан олиндимки, бундан алоҳида фахрланаман. Қолаверса, ўғлим ҳам айнан 2019 йили туғилди. Бир сўз билан айтганда, орзулар йили!

- Ўтган йили «Гремио»дан кетишингизга тўғри келди. Бу руҳиятингизга нечоғли таъсир қилди?

- Жуда оғриқли айрилиқ. Йилнинг биринчи ярмида клуб билан 2та соврин ютдик, ке­йин нақ 4 марта бош мураббий алмашди. Боз устига, коронавирус туфайли кўплаб ўйин­ларда қатнашолмадим. Лекин тушуниш керак, спорт фақат ғалаба ёки совринлардан иборат эмас.

- Келажак режаларингиз қандай?

- Яна 2 йилча ўйнамоқчиман. Шундан сўнг оилам билан Мюнхенда йилига лоақал 3-4 ой яшашни истардим. У ерда уйим бор - Германия иккинчи ватаним. Эҳтимол, «Бавария» учун яна нимадир қилишга ҳам уринарман, кўрамиз.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 15:16, 19.03.2022.
Ўқилди: 1413 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.