Гарет Саутгейт Англия терма жамоасига керак бўлган футболчиларни жалб этди. Унинг таркибида кўплаб юлдузлар йиғилган. Танлов имконияти жуда кенг, хусусан, қанот ҳимоясида ҳам. Чап қанотга Трент Александер-Арнольд асосий ўринда қаралади. «Астон Вилла» футболчиси Мэтти Кэш Англияда еттинчи ёки саккизинчи ўринда туради. Шу сабаб у Польша термасига йўл олди.
Трент
Ҳақиқатдан ҳам Трент нафақат Англиянинг ёки Европанинг, балки дунёнинг ҳам ўз позициясидаги энг қиммат футболчисидир. «Ливерпуль» ўйинчиси Юрген Клопп жамоасида ҳақиқий ассист машинасига айланиб улгурган. Унинг креатив ва аниқ пасларини мухлислар аллақачон яхши танишади. Қолаверса, у бурчак тўплари борасида «мутахассис»га айланган.
Ашраф Ҳакимий
Марокашлик суперюлдуз Александер-Арнольд каби ёш ва навқирон. 23 баҳорни қарши олган футболчи ҳозирга қадар «Реал», «Боруссия Дортмунд», «Интер» ҳамда «ПСЖ» таркибида кўриниш берган. Унинг футболдаги мавқейига шубҳа йўқ, албатта. Ҳамма уни яхши кўради. Ҳакимийни бир кун келиб АПЛда кўрсак ҳам ажаб эмас.
Жоао Канселу
Айни пайтда Пеп қўл-остидаги энг ёрқин футболчилардан бири Канселудир. У чап-қанотда плеймейкерликни қойилмақом қилиб бажаради. Аммо у аслида ўнг қанот футболчисидир. Гвардиола жамоасида эса майдоннинг исталган нуқтасида ўйнашни ўрганди. Португалия терма жамоаси аъзоси узатмалар ва рақиб ҳужумини бузиш борасида ўрнак қилса арзийдиган номзод.
Рис Жеймс
«Челси» академиясидан чиққан футболчи ҳимоячилик борасида туғма қобилиятга эга. Жеймс Тухель жамоасининг учталик ҳимоясида ўнг қанотга жавоб беради. Унинг ўта ақлли ва аниқ пасларидан ҳайратга тушасан киши. Истеъдод ва имконият қўшилган ҳолда Жеймс фаолиятини янада ёрқинроқ қилмоқда. Англия терма жамоасининг ўнг қанот ҳудудини яқин ўн йилликда Трент ва Жеймс билан хавфсиз деб ҳисоблаш мумкин.
Бошқалар
Бу борада Жаҳон чемпиони бўлган Бенжамен Паварни ҳам келтириш мумкин. У ҳам эндигина 25 ёшда. Тўғри, «Бавария» юлдузи бу мавсумда ўзининг энг зўр даражасини намойиш этмаяпти. Аммо уни нималарга қодир эканини биз сиз билан яхши англаймиз.
«МЮ» вакили Эрон Уан-Биссакани ҳам эътироф этмай илож йўқ. Чунки у бирга-бир вазиятларда яхши ҳимояланадиган футболчи. Балки у ҳам тез орада Англия терма жамоасида кўриниш берар.
Бельгия ҳамда «Лестер Сити» футболчиси Тимоти Кастань ушбу рўйхатдан жой олган. У АПЛнинг сўнгги турида жароҳатдан қайтиб, «Брентфорд»га қарши баҳсда фантастик жарима зарбасини ижро этганди. У ҳам Канселу каби аслида ўнг қанотни хуш кўради. Кастань шубҳасиз, бу борада кучли ўнликка кирадиган даражага эга.
«Арсенал»нинг янги вакилларидан бири Такехиро Томиясу ҳам ўнг қанот борасида яхши натижаларга эга. У биринчи мавсумини ўзидаёқ Англиядаги футбол ритмига мослашиб кета олди. Шунингдек, бу борада «Манчестер Сити»нинг Кайл Уокери ҳамда «Наполи» футболчиси Жованни Ди Лоренсони қайд этиб ўтиш лозим. Хўш, сизнингча, бу позицияда дунёнинг зўри ким(лар)?
Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси