Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ-2014 IV саралаш босқичидаги барча рақиблари расмий ўйинлар олдидан ўртоқлик ўйинида майдонга тушади.
3 июнь куни Тошкентда айнан Ўзбекистонга қарши кураш олиб бориши керак бўлган Карлуш Кейруш мураббийлигидаги Эрон миллий терма жамоаси 26 май куни Ироққа қарши ўртоқлик ўйинида иштирок этади. Беллашув эронликлар шу вақт давомида йиғин олиб борадиган Туркия мамлакатида бўлиб ўтади.
Карлуш Кейруш фақатгина шу билан чекланиб қолмайди. Миллий терма жамоага номзод бўлган иккинчи таркиб футболчилари эртага – 2 май куни Теҳрондаги «Озодий» стадионида Мозамбикка қарши саф тортишади. Қайд этиш керак, бунга қадар Эрон футбол федерацияси 17 апрель куни БАА билан ўртоқлик ўйини борасида ҳам келишиб олганди. Бироқ сиёсий сабаблар туфайли мазкур ўйин ўтказилмади. Эртанги, Мозамбикка қарши ўйинда ўзини кўрсата олган футболчилар асосий таркиб билан Туркиядаги асосий йиғинда иштирок этиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 8 июнь кунги рақиби Ливан ҳам ЖЧ-2014 саралаш босқичига жиддий ҳозирлик кўрмоқда. III босқичда Кувайт ва БАА термаларини ортда қолдирган, Жанубий Кореяни Байрутда мағлуб этган ливанликлар, 18 май куни Иорданияга қарши майдонга тушишади. Сир эмаски, Ливан IV саралаш босқичини ўз майдонидаги иккита ўйин билан бошлайди. 3 май куни Байрутда Қатар меҳмон бўлса, орадан беш кун ўтиб мазкур шаҳардаги «Спорт Сити» аренасида Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши ўйин бўлиб ўтади. Буни инобатга олган Ливан футбол федерацияси Иорданияни рамсий ўйинлар бўлиб ўтадиган «Спорт Сити» стадионида қабул қилади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси жой олган «А» гуруҳининг яна икки нафар вакили – Қатар ҳамда Жанубий Корея терма жамоалари саралаш учун пухта тайёргарлик режасига эгалар. Қатар футбол ассоциацияси миллий терма жамоанинг бир ярим йиллик режасини тасдиқдан ўтказган бўлиб, унинг доирасидаги дастлабки ўртоқлик ўйини 28 май куни Фаластинга қарши бўлиб ўтади. Ливан Қатар билан ўйин олдидан Иорданияни афзал билган бўлса, Қатар Ливан билан ўйин учун Фаластинни спаринг рақиб сифатида танлаб олди.
Ниҳоят, гуруҳимиздаги сўнгги рақибимиз – Жанубий Корея 30 май куни Мадридда амалдаги Европа ва жаҳон чемпиони Испания билан ўртоқлик ўйинида иштирок этади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 22 май куни Тошкентда тўпланади. Режага кўра 27 май куни ўртоқлик ўйини ўтказилиши лозим. Айни пайтда Ўзбекистон футбол федерацияси мазкур масала юзасидан бир қатор мамлакатлар билан музокара олиб бормоқда.