Италия кубоги ярим финал баҳслари қизғин тус олган. Бугун ва эртага ярим финалнинг жавоб ўйинлари бўлиб ўтади. Биринчи учрашувлардан сўнг ҳеч бир жуфтликда аниқ фаворит йўқ. Ҳатто «Ювентус» ҳам Флоренциядаги минимал ҳисобдаги ғалабадан кейин ўзини хотиржам ҳис қила олмаяпти.
Массимилиано Аллегри шогирдлари сўнгги пайтларда мухлислари кутган ажойиб ўйин кўрсатишмаяпти ва «бинафшаранглар» учун эртанги ғалаба еврокубокларга чиқиш учун яхши имконият бўлади.
Милан дербисидаги голсиз дурангдан кейин фаворитни аниқлаш қийин бўлиб қолди. Бироқ Симоне Индзаги жамоасининг ҳужум чизиғи мустаҳкам бўлгани учун «Интер»нинг ғалаба қозониш имконияти бироз юқорироқ. Шу билан бирга, «Милан» форвардлари сўнгги ойларда ҳужумларни охирига етказишда жуда кўп муаммоларга дуч келмоқда.
Германия кубоги ярим финали
Узоқ вақт давомида илк бор Германия кубоги ярим финалига фақат биргина топ-клуб йўл олмоқда. Бу ерда «Бавария» ёки «Боруссия»ни кўрмайсиз. Бироқ Доменико Тедеско бошчилигида ажойиб футбол кўрсатаётган «Лейпциг» бош титул учун кураш олиб боради. Бу жуфтликда «Унион Берлин» «буқалар»га қаршилик кўрсатади.
Нариги жуфтликнинг эса фаворити яққол кўриниб турибди: «Фрайбург» иккинчи Бундеслига жамоаси «Гамбург»га қарши баҳс олиб боради. Тим Вальтер шогирдларининг имкониятлари бу ерда анча паст. Уларнинг жорий мавсум элита дивизионига қайтиши даргумон.
Португалия кубоги ярим финали
Португалия кубогининг ярим финал жавоб ўйинлари бир қарашда кўринганиданда қизиқарлироқ аслида.
Бу ерда «Мафра» март ойида «Тондела»га йирик ҳисобда ютқазиб қўйди. Аммо ўз майдонида мафраликлар учта голлик фарқни йўққа чиқаришга ҳаракат қилиб кўради. Чунки, рақибда жиддий муаммолар бор. Хусусан, Нуну Кампуш шогирдларида маррага тўрт тур қолганда, Сегундага тушиб қолиш хавфи мавжуд ва шунинг учун кубок чемпионлиги ҳақида кўпроқ ўйлашади.
«Порту»нинг ҳам «Спортинг» устидан меҳмонда иродали ғалаба қозонгани кўп нарсани кафолатламайди. «Шерлар» чемпионлик учун курашда аллақачон мағлуб бўлган, аммо Дортмунднинг «Боруссия»сини Чемпионлар лигаси плей-оффига чиқишига йўл қўймаган жамонинг имкониятлари ҳар доим ҳам паст бўлавермайди.