Ўзбекистон Суперлигасининг 6-туридан ўрин олган “Қизилқум” – “Навбаҳор” (1:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида наманганликлар устози Самвел Бабаян ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди. Самвел Вячеславович ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикри билан бошлади.
— Сўзим аввалида барча ҳамюртларимизни кириб келаётган Рамазон ҳайити билан табриклаб, уларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилайман.
Учрашув тўғрисида тўхталадиган бўлсак, “Навбаҳор”нинг барча ўйинлари қизиқарли ва курашларга бой тарзда кечмоқда. Ўйлайманки, бугунги баҳс сўнгги дақиқаларгача барчани ҳаяжонда ушлаб турди. Гарчи пенальти ва четлатиш туфайли, устунлик жамоамиз тарафида бўлсада, анча вазиятларни кўкка совурдик. Ўз майдонимизда “Сўғдиёна”дан учралган аламли мағлубиятдан кейин бугун ғалаба қозонишимиз шарт эди ҳамда буни уддалаганимиздан хурсандман.
Футболда битта рақибни икки марта ютиш қийин. Буни қарангки, Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичидаги ўйиндан кейин Суперлигада ҳам чемпионат етакчи бўлган “Қизилқум”ни мағлубиятга учратишга муваффақ бўлдик.
Йигитларга ўйин учун раҳмат айтаман. Бугунги ғалабани Наманган вилояти ҳокими Шавкат Шокиржонович Абдураззоқовга бағишлаймиз. Шавкат Шокиржанович жамоамиз учун барча шароитларни яратиб бермоқда ҳамда футболнинг ҳақиқий жонкуяри. У “Навбаҳор”нинг шонли тарихини қайтариш учун ҳаракат қилмоқда.
— Элгужа Григалашвили ва Нурилло Тўхтасинов бугунги ўйинда асосий таркибда майдонга тушмади. Бунинг сабаби нимада?
— Ўйин учун танланган тактикадан келиб чиқиб шундай қилинди. Кичик ротацияга қўл ургандик. Шундай бўлса-да, кейинроқ уларни майдонга туширдик ва ушуб футболчилар ишончни оқлашди.
— Иккинчи бўлимда “Навбаҳор”нинг майдонда бир киши кўп бўлиб тўп тепгани сезилмади...
— Бу психологияга боғлиқ ҳолат. Жиззахликлар билан кечган ўйинда биздан ҳар тарафлама омад юз ўгириб, мағлуб бўлгандик. Бошқа тарафдан айтсак, тўпни назорат қилиб, гол уришимиз лозим эди.
— Ўзбекистон кубогидаги ва бугунги “Қизилқум” ўртасида фарқ сездингизми?
— Йўқ сезмадим. Ўшанда ҳам навоийликлар жамоамизга жиддий қаршилик кўрсатишганди, бугун ҳам муносиб рақиблик қилишди. “Қизилқум” юқори савияли ўйинчилардан тузилган жамоа. Бежизга навоийликлар чемпионатда етакчилик қилишмаяпти.
— “Навбаҳор” май ойида тиғиз тақвимга эга бўлади. Жамоа бунга қанчалик тайёр?
— Жамоада футболчилар етарли, ротацияга қўл урамиз. Чемпионатда кетма-кет ўйинлар бўлишига сабаб, оралиқ “пауза”лар кўп. Албатта, максимал кучимизни сарфлаб, ижобий натижани қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.