Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат иштирокидаги корхоналарнинг 2021 йил якунлари бўйича молиявий ҳисоботлар таҳлилини эълон қилди.
Унга кўра, 21 йилнинг энг кўп зарар кўрган 20 та корхонаси рўйхатидан иккита футбол клуби ҳам жой олди.
«Бунёдкор» 2021 йилни 27 миллиард сўм зарар билан ёпган бўлса, «Пахтакор» ўтган йилда 30,3 миллиард сўм зарар кўрган.
«Пахтакор» 2020 йилнинг ҳам энг кўп зарар кўрган корхоналари рўйхатидан жой олганди. Пойтахт клуби 2020 йилда 82,7 миллиард сўм зарар келтирганди.
Ўша вақтда «Пахтакор» матбуот хизмати бу ҳолат бўйича баёнот билан чиққан, унда клуб 2018—2020 йиллар мобайнида давлат бюджетидан умуман маблағ олмаганлиги ва бу вақтда жамоа харажатлари тўлиқ SFI Management Group томонидан қоплангани айтилганди.
2021 йилнинг апрель ойида «Пахтакор»нинг SFI Management Group’га тегишли 80% акцияси қолган 20% улушга эгалик қиладиган Тошкент ҳокимлигига ўтказилгани ва жамоа тўлиқ Тошкент ҳокимлиги тасарруфида бўлиши маълум бўлганди.
2021 йилнинг июнида «Пахтакор» футболчилар, мураббийлар штаби ва раҳбариятнинг маошларини эълон қилган. Унга кўра, клуб йилига маошлар учун 50 миллиард сўм сарфлаши маълум бўлганди. Ёзда «шерлар» йилига 16 миллиард сўм маош оладиган легионер Эрен Дердийок билан хайрлашганди.