«Болонья» ҳозир яхши формада: «А» сериянинг 13-жамоаси қаторасига 6-учрашувда ютқазмади, ваҳоланки, «Милан» билан 0:0, «Ювентус» билан 1:1 (95-дақиқада ғалабани бой берди) ҳисобидаги дуранг қайд этди, «Интер»ни 2:1 кўринишида енгди. Ахир мазкур муваффақият «нерадзуррилар»ни чемпионликдан мосуво қилиши ҳам мумкин.
Жамоа ютуқларини лейкемияга қарши курашаётган Синиша Михайлович билан баҳам кўрмаса бўлмасди. Шу сабабли, футболчилар шифохонанинг бош мураббий жойлашган хонаси ёнида тўпланишди. Бундан эса мутахассиснинг кўнгли анча кўтарилгани бор гап.
Умуман, Михайлович, худди 2019 йилда бўлгани каби, видеотизим орқали футболчилар билан алоқа ўрнатмоқда. «Милан»га қарши кечган баҳс арафасида у шифохонадан туриб мотивация берувчи нутқ сўзлаб, ҳеч ким ғамгин бўлмаслиги кераклигини алоҳида таъкидлади: «Мен жисмонан ёнингизда эмасдирман, лекин қалбан доимо сизлар билан биргаман. Афсуски, буни бир неча йил аввал ҳам қилгандик, лекин шу палатадан туриб жамоамиз учун курашишда давом этаман, ишонаманки, сизлар ҳам мен учун курашасизлар. Ўз вақтида, ушбу касалликни енггандик - буни яна уддалашимизга асло шубҳам йўқ. Ҳаётда шундай муаммолар ҳам учрайди, у бир текис кечмайди. Турли бурилишлар, парвозлар, қулашлар учрайди, лекин сиз ўрнингиздан туриб, саёҳатни давом эттиришингиз керак.
Оғир дамларда одамларнинг турлича муносабатига гувоҳ бўларкансиз. Олдингизда иккита йўл қолади. Улардан бири нохуш - шикоятлар ва ишончни йўқотиш. Иккинчиси - конструктив, жараённинг ижобий томонларини қидириш билан боғлиқ. Ҳозир ўлчами уч квадрат метр бўлган хонада яшаяпман. Бу вақтинчалик ҳолат. Ушбу хасталикни енгаман, шифокорларга ишонаман, шундай экан, энтузиазмни хоҳлайман, хавотирли қиёфаларни кўришни истамайман. Ғалаба қозонишимга ишончим комил. Биз яхлитликни сақлашимиз лозим - агар нимагадир эҳтиёж сезсангиз, сизнинг ихтиёрингиздаман. Биламан, натижалар борасида мураккаб вазиятдамиз, лекин майдондаги ўйинлар ҳақида бундай демаган бўлардим. Милан сафари осон кечмайди. У ерда 60 минг мухлис бор, бироқ уларга ҳам осон бўлмайди».
Жорий йилнинг март ойида Михайлович аҳвол янада ёмонлашмаслиги учун шифохонага ётишини билдирди. Эслатиб ўтамиз, ундаги лейкемия хасталиги 2019 йилнинг ёзида аниқланганди: ярим йил ичида сербиялик мутахассис кимё терапиянинг учта курсини ва мия суягининг трансплантациясини бошдан кечирди.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади