"Челси"нинг сотилиш жараёни бир вақтнинг ўзида бир нечта трансфер воқеаларини бошлаб берди. Қолаверса, "кўклар"нинг баъзи ўйинчилари Роман Абрамович Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатига тушишидан олдин ҳам кетиш ҳақида ўйлаётганди.
“Биз ўзимизни томошабиндек ҳис қиляпмиз. Бу роль бизга тўғри келмайди ва бироз ғалати. Ёзги трансфер бюджети? Бугунги вазиятдан бошлаб нима бўлишини билмайман ", - деб тан олди Томас Тухель.
Немис ҳали Тодд Боэли билан учрашмаганини ҳам айтди. Гарчи Британия ОАВларининг ёзишича, “Челси”нинг янги хўжайини немис мураббийига ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни ваъда қилган, шунингдек, директорлар кенгаши раиси Брюс Бак ва директор Марина Грановская билан ҳамкорликни давом эттириш бўйича музокаралар олиб борган.
Матбуотда ва ҳимоячи Рис Жеймс ва ярим ҳимоячи Мэйсон Маунт билан шартномаларни узайтириш, шунингдек, Эдуард Мендининг маошини ошириш бўйича музокаралар ҳақида маълумотлар тарқалди. Бироқ Британия ҳукумати ва Премьер-лига томонидан тасдиқланиши керак бўлган клубнинг расмий бюджети олдидан “Челси” таркиби бир неча ўйинчини йўқотиши мумкин. Биринчи навбатда, ҳимояда.
Айни дамда Жеймсдан ташқари фақат бразилиялик ветеран Тиагу Силва ўзини хотиржам ҳис қила олади, чунки у шартномани январда келаси ёзгача узайтирди. Андреас Кристенсен, режалаштирилганидек, Барселонага жўнаб кетади. Бундан ташқари, “кўк-анорранглилар” Маркос Алонсо ва Сесар Аспиликуэтага ҳам дахл қилишмоқда.
Антонио Рюдигер билан "Челси"даги жорий инқироздан анча олдин янги шартнома бўйича музокаралар олиб боришда қийинчиликлар юзага келди. Ҳозирги вазиятда эса футболчининг агентлари учун ҳам маош ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Хуллас, "Реал Мадрид" вазиятдан унумли фойдаланиб, ажойиб ижрочини эркин агент сифатида қўлга киритди.
Рио Фердинанд ҳатто Рюдигерни "Ман Сити" аъзоси Рубен Диаш билан бирга энг яхши Премьер-лига ҳимоячиси деб ҳам атаган, аммо бу келишувда ҳаммаси аниқми? Бир марта Мадридда Эден Азар тимсолида янги қиролни кутишган эди…
Келинг "Реал"га янги келган футболчининг оғир характеридан бошлайлик. Рюдигер, Англияда вақти-вақти билан Аспиликуэта билан тортишиб қолган ва у машғулотларда дарвозабон Кепа Арризабалага билан умуман жанжаллашиб кетган. Қолаверса, Германия терма жамоаси ҳимоячиси ҳар доим ҳам мураббийлар билан тил топиша олмайди.
У Маурицио Саррининг машғулотларини мактабдаги дарсларга қиёслади, улар худди шу нарсани такрорлайдилар, кейин эса Фрэнк Лэмпард қўл остида ҳар доим ҳам таркибга тушмагани учун "Челси"ни тарк этишни хоҳларди.
Тухель келиши билан ҳаммаси ўзгарди ва буни ҳатто жараённи ташқаридан кузатганлар ҳам қайд этишди. “Томас у билан жуда яхши иш қилди. У захирадан тушиб ўйнарди ва ҳозирда "Челси"нинг асосий ҳимоячиларидан бири", - деди Юлиан Нагельсманн "Бавария" бош мураббийидан Рюдигерни Мюнхенга таклиф қилиш режалари ҳақида сўралганда.
“Томас менга ўйин вақтини бериб, менга ишончини кўрсатди. У мен учун жамоага эшикни қайта очди ва ишончимга сезиларли таъсир кўрсатди ", - деди футболчи Тухелга. Мураббий эса Рюдигер билан хайрлашаётганини эълон қилиб, бунинг эвазига илтифотларни аямади: “У кийиниш хонасида футболчиларда ишонч уйғотади. Бу ноёб шахс, қатъиятли лидер. У ажойиб даражада ўйнайди. У масъулиятни яхши кўради".
Айнан Тухель Рюдигердан кийиниш хонасида фаолроқ бўлишини сўраган, Карло Анчелоттида эса немиснинг бу фазилатларини сақлаб қолиш вазифаси турибди. Рудигер “Реал Мадрид” футболчилари билан қанчалик тил топишиб кета олишини фақатгина вақт кўрсатади. Кутамиз, кузатамиз…