Футбол бўйича Жаҳон чемпионати ўтказиладиган йилда Ўзбекистон FIFA World Cup™ Trophy Tour by Coca-Cola лойиҳасини ўзида қабул қилишдан мамнун. Йил якунида ўтказиладиган Мундиал олдидан Ўзбекистон ушбу тарихий кубок саёҳат қиладиган дунёнинг 51 мамлакатларидан бири эканлиги катта шарафдир.
2022 йил ўзбек футболи учун катта аҳамият касб этади. Чунки бу йил кўплаб мухлисларни руҳлантирадиган ва қувончига сабаб бўладиган футбол юртимизга кириб келганининг 110 йиллиги нишонланмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизга ва футболимиз ҳамжамиятига билдирилаётган бундай ишонч юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, спортнинг футбол турига қаратилаётган эътибор натижасидир.
ФИФА, Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ҳамда Coca-Cola мухлислар учун ана шундай фестиваль ташкил этиш, футбол бўйича Жаҳон кубогини кўриш имкониятини тақдим этиш борасидаги ўзаро ҳамкорликдан мамнун. 6 июнь куни Кубок тақдимотида, шунингдек, Жаҳон чемпионлари Кристиан Карамбё ва Карлес Пуйол иштирок этиши кутилмоқда.
Биз ушбу тадбирлар юқори даражада ўтказилиши учун бор имкониятимизни ишга соламиз ва яна бир бор ҳамкорларимиз ФИФА ва Coca-Cola'га ишонч учун миннатдорчилик билдирамиз. Ишонамизки, келаётган футбол байрами мамлакатимизнинг катта футбол тадбирлари мезбонлигига тайёр эканлигини яна бир бор намоён этади.