Давлатимиз раҳбари спортни оммавийлаштириш, спорт таълимини яхшилаш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.
Давлатимиз раҳбари раислигида спортни оммалаштириш, спорт таъимини яхшилаш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда бир қатор муҳим ва долзарб масалалар ўртага ташланди.
Хусусан, спорт мактаблари билан олимпия захиралари коллежлари ва олий спорт маҳорати мактаблари ўртасида селексия борасида узвий “занжир” йўлга қўйилмагани қайд этилди.
Мисол учун, республикадаги 279 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг 190 тасида 36 та олимпия спорт туридан бор-йўғи 10 таси ўргатилади.
Оқибатда, халқаро мусобақаларда қатнашиш учун давлат барча ташкилий ва молиявий шароитларни яратиб бераётганига қарамасдан, Осиё ва жаҳон олимпия спорти бўйича чемпионатларида 5-6 нафардан совриндор чиқмоқда, холос.
6 та олий спорт маҳорати мактаби, 32 та олимпия спорт федерацияси олимпия захиралари коллежлари билан ишлашни ўз ҳолига ташлаб қўйган.
Коллежлардаги 9 мингга яқин спортчиларнинг 21 фоизи миллий терма жамоага кира олган, холос.
“Ваҳоланки, миллий терма жамоа таркибини айнан шу коллежлардан чиққан спортчилар ташкил этиши керак эмасми? Бу масала қайси вилоят ҳокимини қийнаяпти?
Бирорта вилоят, туман ёки шаҳар ҳокими спортнинг барча турлари бўйича тизимли ишлашни йўлга қўя олгани йўқ”, деди Президент.
Шунингдек, сўнгги беш йилда спортни ривожлантиришга қарийб 4 триллион сўм йўналтирилиб, 118 та янги йирик спорт обектлари фойдаланишга топширилгани ва 110 та обект реконструксия қилингани таъкидланди.
Жорий йилда спорт соҳасига 2 триллион 300 миллиард сўм (2017-йилдан 5 бараварга кўп), шундан спорт тълим муассасалари учун 1 триллион 200 миллиард сўм ажратилди.
Илк бор барча маҳаллалардаги ёшлар етакчилари, мактабларнинг жисмоний тарбия ўқитувчилари ва спорт мактаблари тренерлари иштирокида ёшларни спортга жалб этиш бўйича янги беш босқичли мусобақаларга старт берилди.
Апрел-май ойларида мусобақалар билан 3 миллиондан зиёд ёшлар қамраб олинди.
“Лекин, спортдаги натижалар яратилган шароитларга ҳали мос эмас”, — деди давлат раҳбари.
Йиғилишда Спортни ривожлантириш вазирлигига:
- 279 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабларидаги шарт-шароитлар ва тренерларнинг малакасини жойига бориб ўрганиш ҳамда уларни олимпия спорт турларига ихтисослаштириш;
- ҳар бир спорт мактабини ўз ҳудудидаги маҳалла, мактаб ва техникумлар билан боғлаб, уларда камида 1 тадан олимпия спорти тўгаракларини ташкил этиш;
- йил якунигача спортчиларни маҳалладан бошлаб танлаб олиш боʻйича электрон платформани ишга тушириш;
- натижа кўрсатган маҳаллаларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
- спорт мактабларини тиббий асбоб-ускуналар, дори дармон ва спорт кийимлари билан таъминлаш учун жорий йилда 35 миллиард сўм ажратиш;
- 1-сентябргача мактаб, спорт мактаби, коллеж ва олийгоҳларнинг залларини ноолимпия спорт турлари клубларига бепул бериш тартибини жорий этиш топшириқлари берилди.
Умуман, вазирлик ва вилоят ҳокимлари ёшларнинг 43 фоизи (6 миллиондан ортиқ) оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўриши шартлиги кўрсатилди.