Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

“Милан” 11 йил деганда яна Италия тожини қўлга киритди. “Россонерилар” муваффақиятининг кичик сирини биласизми?

Баҳо:
+ | -

“Милан” 11 йил ичида илк бор Италия А сериясида ғалаба қозонди. Бу “россонерилар” учун 19-чемпионлик бўлди. Мазкур кўрсаткич бўйича улар "Интер"га етиб олди. Фақат “Ювентус”да чемпионлик унвонлари кўпроқ – 36. Ўтган мавсум бошланишидан аввал “қизил-қоралар” Скудетто учун асосий даъвогар ҳисобланмаган бўлса ҳам, айнан улар мусобақанинг энг яхши жамоасига айланишди ва бунга муносиб тарзда эришди. Кўпчиликнинг фикрича, жамоа муваффақиятида, биринчи навбатда мураббийнинг катта ҳиссаси бор.

Стефано Пиоли “Милан” бошқарувига 2019 йил октябрь ойида келган эди. Мутахассис Марко Жампаоло ўрнини эгаллади, унинг қўл остида "россонерилар" бор-йўғи 7та ўйинда майдонга тушди. Пиоли — тажрибали мутахассис. "Милан"га ўтишдан олдин у кўплаб клубларда, жумладан "Интер" ва "Лацио" билан ишлаган. "Қизил-қоралар" билан италиялик 2 йиллик шартнома имзолади, бироқ кўпчилик унинг "Сан-Сиро"ни анча эрта тарк этишига ишончи комил эди.

Пиоли бошиданоқ босим остида ишлади. Тайинланганидан кўп ўтмай, "Милан" бош директори Иван Газидис Ральф Рангникни бош мураббий лавозими тайинлаш фикрини илгари сурди. Немис мутахассиси “россонерилар” билан музокаралар ўтказилаётгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Аммо кейинчалик томонлар ҳеч қандай келишувга эриша олмагани маълум қилинди. Рангникда Газидисга мос келмайдиган талаблар бор эди. Пиоли эса яхши натижа кўрсатди. Вақт ўтиши билан мутахассис техник директор Паоло Мальдини томонидн қўллаб-қувватлади ва бу унинг клубда қолишига ёрдам берди.

2021 йилнинг ноябрида Пиоли “россонерилар” билан шартномасини 2023 йилнинг ёзига қадар узайтирди. Мураббий раҳбариятнинг ишончини тобора кўпроқ қозона бошлади. Аввалига мутахассис “қизил-қоралар”ни Чемпионлар лигасига олиб чиқди – 7 йил ичида илк бор. 2020/21-йилги мавсумда “Милан” А Серияни 2-ўринда якунлади. Тўғри, “россонерилар” пешқадам “Интер”дан 12 очко ортда қолишди, аммо барибир муваффақиятли мавсумни ўтказишди. Чемпионлар лигасига кириш клуб учун ҳам, унинг мухлислари учун ҳам катта қувонч бўлди.

2021/22 йилги мавсум “қизил-қоралар” учун янада муваффақиятсиз бошланди. Бир томондан, “Милан” Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичига чиқа олмади, шунингдек, Европа лигасидан ҳам қуруқ қолди ва Италия Кубогининг ярим финал босқичидаёқ чиқиб кетди. Аммо якунда улар А Сериянинг энг барқарор жамоаси бўлди.“Милан” чемпионатда илк бор 20 ноябрь куни – миллий чемпионатнинг 13-турида мағлуб бўлди. Шундан сўнг "россонерилар" бор-йўғи 3 марта мағлуб бўлишди. 21 январь куни бўлиб ўтган "Ювентус"га қарши ўйиндан буён "қизил-қоралар" бирор марта ҳам мағлуб бўлишмаган. "Милан" 16 ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериясини давом эттирди, бу ажойиб натижа ҳисобланади.

Пиолининг "россонерилар"га хизматлари жуда катта. Айнан у ёш ва тажриба билан уйғунлашган бу жамоани тузди. Шу билан бирга, “қизил-қоралар” қийин тактикага асосланган ўйинларсиз анча содда футбол намойиш қилди. "Милан" жадвалнинг иккинчи қисмидаги жамоалар билан агрессив ўйнайди. Умуман олганда, “россонерилар” юқори босим остида тўп тепмади, ҳимояда ишончли ўйнашни афзал кўрди. "Қизил-қоралар" ҳужумлари ёш футболчиларнинг тезлиги ва техник имкониятларига таянган ҳолда ташкил қилинди.

Ёш ўйинчиларнинг муваффақияти — Пиолининг яна бир хизмати. Унинг қўл остида Тео Эрнандес Европанинг энг яхши қанот ҳимоячиларидан бирига айланди ва Рафаэль Леау фаолиятидаги энг яхши кўрсаткичларини қайд этишга эришди. Чап қанотдаги бу йигитлар жуфтлиги жуда самарали ҳаракат қилди. Мавсум якунланганидан сўнг португалиялик форвард 100 миллион еврога баҳоланди. Шунингдек, Сандро Тонали ва Браим Диаснинг ўйинларини ҳам таъкидлаш жоиз. Биринчиси А Серияда 5 та гол урди, бу ҳимоявий ярим ҳимоячи учун яхши кўрсаткич, иккинчиси эса жамоанинг ҳужумларини қуриш ва уни шакллантиришда катта ёрдам берди. Битта муаммо шундаки, Браим ҳали ҳам “Реал”га тегишли.

Яна бир шахсни таъкидлаш жоизки, усиз "Милан"нинг ҳозирги муваффақиятига эришиб бўлмасди - бу Паоло Мальдини. Собиқ "россонерилар" футболчиси спорт директори Рики Массара билан бирга Пиолига чемпион жамоани қуришда ёрдам берди. Фикайо Томори, Симон Кьер, Жуниор Мессиас, Тонали, Диас каби футболчилар ушбу мутахассислар ортидан миланликлар лагерига келган. Уларнинг ҳар бири жамоага фойда келтиради. Мальдини Майк Меньянни жамоага таклиф қилгани алоҳида айтиб ўтиш керак. Функционер Италия терма жамоасининг энг яхши дарвозабони бўлган Жанлуижи Доннарумма ўрнига франциялик киперни олиб келди ва танловда адашмади.

"Милан" чемпионлиги яна бир омили - Оливье Жирунинг иккинчи ёшлиги. Француз ҳам Мальдинининг ёрдами билан "Сан-Сиро" эгалари сафига қўшилди. Златан Ибрагимович соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли кўплаб ўйинларни ўтказиб юборди, аммо "Арсенал" ва "Челси" собиқ ҳужумчисининг тажрибаси "россонерилар"га ҳужумларни якунлашда жуда фойдали бўлди. Жиру ўтган мавсумда "қизил-қоралар"нинг асосий ўйинчиларидан бири эди. У “Интер” (2:1), “Торино” (1:0) ва “Наполи” (1:0) клубларига қарши ўйинларда ғалаба голини киритган. Бундан ташқари, франциялик футболчи “Рома” (3:1), “Верона” (3:2), “Лацио” (2:1) ва “Сассуоло” (3:0) клубларига қарши муҳим ўйинларда ҳам гол урган.

"Милан"нинг муваффақияти жуда мураккаб. Бу ерда мураббийнинг меҳнати, раҳбариятнинг тўғри қарорлари ва футболчиларни танлаш катта рол ўйнади. “Россонерилар” олдинги йилларда етишмаётган барқарорликни ниҳоят топдилар. Аммо улар бунга эришган заҳоти клуб янги хўжайинларга эга бўлиши маълум бўлди. Бу яхши ёки ёмонми, айтиш қийин. Кузатамиз!

Киритилди: 21:36, 12.06.2022.
Ўқилди: 2652 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.