Юртимизда ўтаётган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатининг финал учрашувига бўлган қизиқиш жуда юқори. Ўзбекистонлик мухлислар Темур Кападзе жамоасининг Саудия Арабистонига қарши баҳсини стадиондан томоша қилишни ният қилишган. Аммо барчага чипта етказишнинг имкони йўқ.
Кеча "Бунёдкор" стадиони кассаларида чипталар савдога чиқарилгач, катта навбатлар юзага келди. "Қўл"га чиқиб кетган чипталарнинг нархлари эса бир неча баробар ошиб кетган.
Шунингдек, кеча 1800дан бошлаб iticket онлайн платформасида ҳам чипталар савдоси бошланди. Ташриф буюрувчилар сони кескин кўп бўлгани сабаб сайт ишида техник муаммолар кузатилди. Муаммо бартараф этилгач эса, соат 23:00гача 10 мингта чипта сотиб бўлинган. Бугун тонгда эса iticket чипталар тўлиқ сотилиб кетгани ҳақида хабар бермоқда.
Мусобақанинг учинчи ўрни учун кечадиган Австралия ва Япония ўртасидаги баҳс учун эса чипталар сотилмоқда. Бу ўйинга чипталар нархи — 15.000 сўмдан 50.000 сўмгача.