Жоан Лапортанинг ҳали ҳам ҳал этилмаган муаммолари кўп, аммо бу вақтда унинг «Барса» президенти сифатидаги иккинчи муддатида биринчи тўлиқ мавсум тугади.
Асосий бош оғриғи эркаклар жамоаси бўлиб, кампанияни умидсиз якунлади ва Ла Лига президенти Хавьер Тебас билан молиявий фейр-плей чекловлари бўйича келишмовчиликлар туфайли ҳозирда бир қатор ўйинчилар ва шартномаларни имзолаб бўлмайди. Лапорта L`Esportiu нашри ташкил этган интервьюда нафақат ёмон иқтисодий вазиятни енгиш ҳақида гапирди, балки бошқа кўплаб саволларга ҳам жавоб берди. Биз ушбу суҳбатнинг энг муҳим жиҳатларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
- «Вильярреал»га қарши ўйинда трибунада ҳуштакбозлик кузатилди. Мавсумни қандай баҳолаган бўлардингиз?
- Мураббийни алмаштиришимиз билан жамоанинг ўйини яхшиланди. Хави жуда яхши ҳаракат қилди. Биз мавсумнинг сўнгги қийин сегментидан ўтишимиз керак (одатда, мавсум 30 июнда тугайди). Аввалгиси аллақачон ўтиб кетди, таркибни янги трансферлар билан кучайтирдик, аммо финиш ёмон бўлди. Бу жамоа ҳали қайта шаклланиш босқичида ва ўзгаришларга муҳтож. Жароҳатлар туфайли йўқотилган ўйинчилар ўрнини тўлдириш учун зарур таркибга эга эмасдик. «Барса» қайта туғилгандек туюлганида, яхшиликка умид қилдик, ҳаммаси бинойидек кечишини кутдик, жароҳатлар ва тўғридан-тўғри рақибларга қарши баҳсларда қабул қилинган қарорлардан ташқари, Примерани ижобий ҳолатда якунлашга халал берувчи кўплаб тўсиқларга йўлиқдик. Бу эса, жамоани мустаҳкамлаш, муҳим қарорлар қабул қилиш керак, деган фикрни вужудга келтирмоқда.
- Мавсум якунига қандай муносабатдасиз?
- Жаҳлим чиқди, ҳафсалам пир бўлди. Гарчи бизда жароҳатлар борлигини билсам-да, ўз уйимизда «Кадис», «Райо Вальекано» ва «Вильярреал»га мағлуб бўлмаслигимиз керак. Жамоанинг ишга муносабатидан ниҳоятда норозиман. Ўйинчиларда характер йўқлиги учун Хавидан кам азоб чекмадим. Бунинг қай тахлит содир бўлганини тушунмаяпман. Жамоага етакчилик сифатлари етишмади, мен эса бундан қаттиқ ранжидим.
- Келинг, номларга мурожаат қилайлик: Дембеле. Муаммо нимада?
- Уларда (Усмоннинг атрофидагилар) бизнинг таклифимиз ва уни қабул қилиш учун сўнгги муддат бор, чунки ортиқча вақт йўқ. Келаси мавсумга анчадан буён тайёргарлик кўряпмиз, агент таклифимизга ўз вақтида жавоб бермагани учун ушбу муаммо бизни тўхтатиб турибди. Улар қарши таклиф тайёрлашяпти, шекилли. Энди бизнинг устувор вазифамиз молиявий фейр-плейга риоя қилиш учун иқтисодий вазиятни тузатишдир. Кўплаб ўйинчилар бор, улар учун маълум (молиявий) операцияларни амалга оширишингиз керак, аммо Ла Лига буни амалга оширишимизга рухсат бермайди. Юқорида мен айтиб ўтган қоидалар билан чекланишга мажбурмиз.
- Агар Ла Лига ён бермаса, нима қиласиз?
- Музокарани давом эттирамиз ва уларни (футболчиларни) ҳалол ўйинга риоя қилишимиз кераклигига ишонтиришга ҳаракат қиламиз, акс ҳолда, кейинги мавсум учун ҳеч ким билан шартнома имзолай олмаймиз. Баъзи операциялар аллақачон амалга оширилган, аммо Ла Лига ўта жиддий ва бизни фейр-плейнинг минимал талабларига риоя қилишга олиб келадиган бирор чора кўришга ундайди. Лекин бу бизга кўп ҳам ёрдам бермайди. Трансляция ҳуқуқларининг 10 фоизини сотиш ҳақида гапиряпмиз ва агар бу муқаррар бўлса, ўзимиз учун ноқулай шартлар асосида эмас, ўз шартларимиз бўйича шартнома тузмоқчимиз.
- Алвеш Неймарнинг дўсти ҳисобланади, бир неча кун аввал Хави ҳам бу футболчини ёқтиришини айтганди. Сизнинг Неймар ҳақидаги фикрингиз қандай?
- Неймарни ким севмайди? У ажойиб футболчи.
- «ПСЖ» унга чиқиш эшикларини очиши мумкин...
- Унинг ҳозирги жамоасида ҳали тўрт-беш йиллик шартномаси бор. «ПСЖ» каби клублар билан келишув имзолаган футболчилар деярли қулликка рози бўлишади. Ҳаммаси пул учун.
- Месси ҳамми?
- Месси билан ҳаммаси шундай бўлди. Барчамиз унинг фаолиятини шу ерда якунлашини истардик, бироқ маълум сабабларга кўра бу имконсиз бўлиб чиқди. Ҳамма гап Ла Лиганинг молиявий фейр-плейи ва «ПСЖ»да. Ўйинчилар, бундай шартномаларни имзолагандан сўнг, улар ўз ихтиёри билан кета олмайдилар. Айни турдаги операциялар юзлаб миллион еврога баҳоланади. Эҳтимол, Неймарнинг ҳолатини мисол сифатида кўрсатарсиз, лекин Францияда қандай қоидалар борлигини билмайман. Балки уларда бизда мавжуд бўлмаган бошқа вариантлар ҳам бордир, аммо имзоланган шартномани бекор қилиш катта маблағни талаб қилади. «ПСЖ» ортида давлат тургани ҳам рост, уларда пул кўп, шартномани бекор қилганлик учун жаримани қоплашга қодирлар.
- Левандовскининг трансферига пул сарфлай оласизми?
- Робертнинг «Бавария» билан яна бир йиллик шартномаси бор, вазият ҳозирча шунақа. Бу ҳақда бошқа ҳеч нарса дея олмайман.
- Аммо у кетиш учун илк қадамларни қўйди, масалан, аллақачон сўнгги ўйинини ўтказганини айтди...
- Биз ҳеч кимнинг ишига аралашмаймиз, Левандовски ва «Бавария» ўртасида тузилган шартномани ҳурмат қиламиз. У жуда яхши футболчи, бизга жуда ёқади, лекин келишуви амалда эканлигини унутмаслик лозим.
- «Ювентус» ва «Реал»га нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган санкциялардан хавотирдамисиз?
- Тўғриси, улар (УЕФА) ҳеч қандай санкция қўллай олишмайди, деб ўйламайман. Биз - клублар Европа Иттифоқи тамойилларини - эркин рақобат ва европеизмни ҳимоя қиламиз. Европада футбол барқарор бўлишини ва бу бозорни бузадиган рус ёки араб олигархлари кўринишидаги ташқи агентларга эга бўлмаслигини истаймиз. Менимча, УЕФА ушбу тамойилларни ҳимоя қилган клубларни жазолашга қодир эмас. Кейинги Чемпионлар Лигаси учун рўйхатдан ўтганмиз. Агар улар эркин рақобатни йўқ қилмоқчи бўлсалар, бу нотўғри. Мабодо, шундай қилишса, бумеранг эффектига эга бўлишади, чунки улар охир-оқибат Европа Иттифоқи тамойилларини бузадилар.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади