АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов "Олимпик"ка қарши ўйиндан кейинги ташкиллаштирилган матбуот анжуманида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.
— Яна ўша гапимни такрорлайман. Менимча, биз бошқа сайёрадан келганмиз. АГМК нима бўлишидан қатъи назар охиригача курашади. Буни ҳозир кийим алмаштириш хонасида футболчиларга ҳам айтиб ўтдим. "Олимпик"ни ғалаба билан табриклайман. Бу ўйин энди тарихга айланди. Биз келаси учрашувга тайёргарлик кўрамиз. Афсуски, бугун таркибда яна йўқотишларга дуч келдик. Раҳмоновда дисквалификация бўлса, Тошматовда жароҳат юз берди. Муроднинг ҳолати ҳақида тиббий кўрикдан сўнг маълумотга эга бўламиз.
— Миржалол Қосимовдан барча доим энг юқори натижаларни кутади. Бу жиҳат сизга қўшимча босим юкламайдими?
— Аввало мен ўзим доим энг олий мақсадни қўйиб, фақат энг юқори ўринлар ўринлар учун курашаман. Нима бўлишидан қатъий назар доим максимал натижага интиламан. Лекин бу доим ҳам ўхшайвермайди. Чунки бу футбол, бу майдонда ҳал бўладиган нарса.
— Бўлажак рақибингиз "Насаф" ва бугунги рақиб "Олимпик" жамоаларининг услубларини кўплаб мухлислар бир-бирига ўхшатади. Бу ҳақида сиз қандай фикрдасиз?
— Футбол ҳар доим ҳам ўйин бир хил чиқмайди. Биламиз, "Олимпик" келажак учун тайёрланаётган жамоа. Шу ўйинлар орқали Олимпиада йўлланма берувчи чемпионатга тараддуд кўрмоқда. Кападзенинг услубини биламиз, жамоаси тўп билан муомула қилишини ва қўрқмасдан футбол ўйнашини талаб қиладиган мутахассис. "Насаф" ва "Олимпик" жамоалари футболчилари ёш жиҳатдан ҳам тенгқурлиги ва услуби ўхшаб кетиши бор гап. Агарда бу жамоалар таркибида 1-2та тажрибали футболчилар қўшилса, унда бу жамоага фақат яхши тарафлама хизмат қиларди.