Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Агентлар: «Зиқна пиранья»

Баҳо:
+ | -

Мино Райола ва Жорже Мендеш номи кўпчилик мухлисларга яхши таниш бўлса, Пини Захавини камчилик билади.

Исроиллик тажрибали агент 70-йиллар охиридан буён воситачи сифатида музокараларда қатнашиб келмоқда. Айнан у «Челси»га Де Брюйне ва Лукакуни олиб келган, Рио Фердинанднинг трансферида кўмаклашган, Роман Абрамович билан ишлаган, «ПСЖ» ва «Тоттенхэм» номидан амалга оширилган келишувларда катта роль ўйнаган.


Спорт журналистидан агентликка

Захави университетни ташлагач, спорт журналистига айланди. Исроилнинг учта йирик газеталарида ишлаган Пини кўпчилик билан алоқаларни йўлга қўйди. 1979 йилда, журналист сифатида ишлаётганида, ўзининг илк келишувини амалга оширди - Исроил термаси ҳимоячиси Авраам Коэн 200 минг фунт эвазига «Маккаби Тель-Авив»дан «Ливерпул»га ўтди. Захави тез-тез Англиядаги футбол учрашувларига борар, бир сафар Лондондаги Хитроу аэропортида «Ливерпуль» котиби Питер Робинсон билан учрашиб, унга мижозини таклиф қилганди. Коэнга келсак, у агент билан Yedioth Ahronoth газетаси учун тайёрланган репортаж орқали танишган. Захави келишувда қатнашгани учун ўз улушини олди, албатта.

Бир йилдан сўнг исроиллик агент яна бир ўтишда қатнашди - унинг саъй-ҳаракатлари эвазига «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Барри Силкман ижара асосида «Маккаби Тель-Авив»га ўтди, 1990 йилда эса форвард Ронни Розентални «Стандард»дан «Ливерпул»га кўчирди (ўша пайт Кенни Далглиш мерсисайдликлар бош мураббийи эди).


Йирик трансферлар

90-йиллар охирида исроиллик агентнинг танишлари анча кўпайиб қолганди - дўстлари орасида Грэм Сунесс, Алекс Фергюсон, Рон Аткинсон, Терри Венейблс ва бошқа кўплаб афсоналар бор эди. XXI аср бошида Захави мегатрансфернинг бевосита сабабчисига айланди: Рио Фердинанд 18 млн. фунт эвазига «Вест Хэм»дан «Лидс»га ўтди, икки йилдан кейин эса 30 млн. фунт тўлаган «Манчестер Юнайтед» ҳимоячини таркибига қўшиб олди. Бу ўтишда Пинининг «Вест Хэм» билан таниш-билишчилиги асқотди: 1997 йилда у Лондон клубига Эял Берковични жойлаштирганди.

Агент Алекс Фергюсон билан 80-йилларда танишган, Фердинанд «МЮ»га ўтган пайтга келиб клубнинг деярли барча йирик трансферларига масъул бўлган. 2001 йили Яп Стамнинг «Лацио»га 16,5 млн. фунтга сотилиши, худди ушбу жамоадан Хуан Себас­тьян Веронни 28,1 млн. фунтга олиб келиниши шулар жумласидан. Захави 2003 йили Роман Абрамовичга яқин шахслар сафига қўшилгач, функционернинг «Челси» клуби ва кўплаб футболчиларни қўлга киритишига сабабчи бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, лондонликларнинг трансферларга сарфлаган 111 млн. фунтидан 5 «лимони» агентга теккан. Пини россиялик бизнесмен билан 90-йиллар охирида Москвада танишган. Захавининг саъй-ҳаракатлари билан Майкл Эссьен ва Петер Чех «Челси» таркибини тўлдиришган, Хавьер Маскерано ва Карлос Тевес «Вест Хэм»га ўтишган.

2006 йили Пини «Портсмут» билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, жамоага кўплаб ўйинчиларни олиб келди. 2005 йили Якубу Айегбени «Мидлсбро»га ўтгани учун Захавига 3,64 млн. фунт улуш тегди. Ушбу сумма исроиллик агент­га 5 йил давомида 10 қисмга бўлинган ҳолда тўланиши белгиланди. Бу ўша паллада Англия футболидаги энг йирик агентлик гонорарига айланганди. «Портсмут» муаммолар сабаб Захави ва бошқа 23 нафар агентдан 9 млн. (Пинидан 2,074 млн.) фунт қарз бўлиб қолди.


Ҳозирги мижозлар

Айни пайт 78 ёшли агентнинг мижозлари кўп эмас, аммо улар орасида ҳам таниқли номлар бор - Кристофер Нкунку, Роберт Левандовски, Пьер-Эмиль Хёйбьерг, Янник Карраско, Александр Митрович, Алекс Теллес, Фабио Каннаваро. Бундан таш­қари, Захави Неймарнинг «Барселона»дан «ПСЖ»га трансферида қатнашиб, 12 млн. еврога эга бўлган. Пини Жорже Мендеш сингари «суперагентлар»дан ўзининг оғир-босиқлиги билан ажралиб туради. Уни стадион ложаларида тез-тез учратиш мумкин. Умуман олганда, Райоланинг вафотидан сўнг айнан у Мендеш билан биргаликда футболни эгаллаб олишди.

Пини ўзини агент эмас, воситачи деб ҳисоблайди. «Мен футболчи ва инвесторларни клуб билан боғлайман, шу холос», - деганди у интервьюларининг бирида. Захави ишидаги ўзига хос жиҳатлардан бири - жуда кўплаб офшор ҳисоб-рақамлари. Люксембург, Гибралтар, Мальта, Кипр ва Виргин оролларидаги компаниялар унга тегишли. Бир неча йиллар аввал полиция рейдидан сўнг Пини жиддий назоратга олинганди. Агент фирибгарлик, Бельгия олий лигасидаги «Мускрон» мақомини сақлаб қолиш мақсадида офшор компаниялар орқали қалбаки ҳужжатлар тақдим этганлик айбланганди.

Яқинда Захави Давид Алабанинг «Реал»га ўтишида муҳим роль ўйнади. Жорий йил ёзида эса воситачи трансфер бозорида катта қизиқишга сабаб бўлиб турган Роберт Левандовски ва Кристофер Нкункунинг ишлари билан шуғулланади. Захавидан манфаатли шартнома шартларини таъминлаш талаб этилади - одатда, ундан «клубларни кўндириш» жараёнида фойдаланишади.

2018 йили Пини Левандовс­кини «Бавария»дан тортиб олишга уринган, лекин жараён маош миқдори 8 млн. евродан 23 млн. еврогача ошиши билан якунланганди. Агар агент немис клуби юлдузини олиб кетишни уддаласа, бу жаҳон миқёсидаги «ўғрилик»ка айланади. Алабанинг кетишига «Бавария»нинг фахрий президенти Ули Хёнесс шундай муносабат билдирганди: «Давиднинг агенти - зиқна пиранья. Аслида муаммо пулда. Алаба шундоқ ҳам дунёнинг энг яхши клубида ўйнаяпти, яна қаерга ўтиши керак?».

Захавининг «Бавария»га тааллуқли иккинчи фирибни амалга оширишини кузатиш қизиқ бўлиши шубҳасиз.

Ў.УМАРОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 10:10, 30.06.2022.
Ўқилди: 1796 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.