"Сурхон" ҳужумчиси Абдул-Азиз Юсупов Суперлиганинг 13-тури доирасида "Нефтчи"га қарши бўлиб ўтган ўйин борасида клуб матбуот хизматига интервью берди.
— Ўйин ҳақида.
— Ўйин жуда оғир кечди, чунки икки жамоага очко жуда ҳам зарур эди. Учрашув қийин бўлишини биз билгандик. Шунга яраша, тайёргарлик кўрдик.
— Иккинчи бўлимда жамоа биринчисига қараганда фаолроқ тўп тепди.
— Биз ўз ўйинимизни кўрсата олмадик. Баъзи вазиятларда хато қилдик. Бизнинг дарвозамизга пенальти белгиланди. Танаффусда бош мураббиймиз ҳужумда янада тажовузкор ўйнаш бўйича кўрсатмалар берди. Ўйин темпини ошириш кераклиги таъкидланди. Жамоадошларим иккинчи бўлимга қўшимча мотивация билан чиқишди. Майдонда бор кучини берди. Биз ўзимизни аямай ўйнадик. Якунда гол урдик. Бундан ташқари кўплаб вазиятлар яратдик.
— «Сурхон» очко йўқотдими ёки бир очко олдими?
— Сўзсиз, «Сурхон» очко йўқотди. Биз ғалабага лойиқ эдик. Чунки, иккинчи таймда «Нефтчи»нинг зонасида жуда кўп вазият яратдик. Афсуски, гол уриш учун иккита соф имкониятдан фойдалана олмадик. Бу футбол, шундай вазиятлар ҳам бўлиб туради
— Навбатдаги рақибимиз — «Насаф». Бундай кучли рақибни қандай енгиш мумкин?
— «Насаф» Ўзбекистондаги енг топ жамоалардан биттаси. Ўзининг услуби, яхши академияси бор. Лекин шундай рақибга қарши муносиб ўйнай оламиз. Биз бу ўйинга жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Шу руҳда давом етамиз ва мухлисларимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.