Кириш Регистрация
04/11 00:45 Интер 1-0 Венеция
04/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-1 Бетис
04/11 19:00 Ал-Васл 1-1 Ас-Садд
04/11 21:00 Ал-Аҳли (СА) 5-1 Аш-Шорта
04/11 21:00 Персеполис 1-1 Ал-Ғарафа
04/11 22:30 Эмполи 1-0 Комо
04/11 22:30 Парма 0-1 Женоа
04/11 23:00 Ал-Ҳилол 3-0 Истиқлол
05/11 00:45 Лацио 2-1 Кальяри
05/11 01:00 Сельта 1-0 Хетафе
05/11 01:00 Фулхэм 2-1 Брентфорд
05/11 13:00 Сентрэл Кост - Шангхай Шенхуа
05/11 15:00 Кавасаки Фронтале - Шангхай Порт
05/11 15:00 Виссел Кобе - Квангжу
05/11 17:00 Жоҳор Дорул Таъзим - Ульсан Хёндэ
05/11 19:00 Пахтакор - Ар-Райян
05/11 23:00 Ан-Наср (СА) - Ал-Айн

1:1! Лихтенштейнда ҳам одамлар бахтли...

Баҳо:
+3 | -

Бироздан сўнг, Қатар ўз майдонида Жанубий Кореяни қабул қилади. Кейинги турда биз дам оламиз, қайсидир жамоа ўз майдонида бошқасини қабул қилади. У жамоа ютиши керак, нариги иккитаси дуранг ўйнаши керак. Кейин анови дуранг ўйнаган жамоа бор-у, ўша кейинги турда ютиб келиши керак. У билан дуранг ўйнаган шериги эса, яна бешта дуранг ўйнаши керак. Анови ютқазган жамоа иккита ўйинни ютиб, қолган ҳаммасини ютқазиши керак. Уфф... Калла ачиб кетди. Нега бунақа? Ахир эндигина иккинчи тур тугади, ҳозирдан бошқаларнинг натижасига осилиб қолдикми? Айб кимда?

Қизиқ, нега доим айбдор қидирамиз? Агар айбдор топишга уста бўлганимизда, қачондир, қайсидир муаммоимизни шу орқали ҳал қилган бўлардик. Ҳал бўлмаяпти, балки айбдорни топишни билмасдирмиз? Ундай бўлса қўлимиздан келмайдиган иш билан шуғулланиб нима бор? Қўлимиздан келмайдиган ишлардан яна бири Жаҳон чемпионатига чиқиш. Балки шуни тан олиб, индамай томоша қилиб ўтирганимиз яхшимиди... Лихтенштейндаям одамлар бахтли...

Миржалол Қосимовнинг ўйинга танлаган таркиби ҳеч кимни ҳайрон қолдирмади. Ҳайрон қолдирмайдиямда... Унақасини кутманг. Турсунов, Жепаров, Тўхтахўжаев ва Денисов асосий таркибга қатдилар, Карпенко ўнг қанот ҳимоясидан жой олди. Аҳмедов таянчда, олдинроқда Кападзе, кейин Жепаров, қанотларда Турсунов ва Ҳасанов, олдинда фақат Гейнрих. Айтганча, Гейнрих жуда жуда кўп яхши вазиятларни кўкка совурди.

Илк дақиқалардан ташаббусни ўз қўлимизга олдик. Иккита хавфли вазиятдан сўнг ҳисобни ҳам очдик. Ўнг қанотдан Турсуновнинг фаоллиги ва жарима майдонида пайдо бўлган Жасур Ҳасанов дарвозанинг узоқ бурчагини чап оёғи билан нишонга олди. Айтганча, чап оёқ ҳақида. Негадир бизнинг футболчиларимиз тўп ўзлари учун қулай ҳолатда, қулай оёққа тушмагунча, умуман ҳеч нарса қила олишмас экан.    

Тезкор гол ва ҳалиям бизнинг устунлигимиз яққол сезилаётгани Ливанни деярли қуролсизлантирганди. Агар яна гол урганимизда, рақиб тақдирга тан берар, йирик ҳисобдан қочиш учун ҳам ўйнаши мумкин эди. Бизчи? Аввало гол ура олмадик. Иккинчидан, қўрқоқ тактикамиз туфайли, рақибга тўпни, ўйинни хис қилиш учун имкон бериб қўйдик. Ҳа, қўрқоқ тактикамиз туфайли. Эътибор бердингизми, биз гуёки ҳужум қилаётгандек тасаввур уйғотган бўлсакда, айнан жарима майдони яқинида сон бўйича устунлик қилиш, марказдан кириб бориш учун ҳаракат қилмадик. Рақиб ҳимояда ўтирибди. Бизнинг 7 та футболчимиз эса майдон маркази ва ҳимоядан олдинга ўтмайди. Нега? Қанотда Турсунов тўпни олиб кетяпти, шу атрофда Жепаров, жарима майдони ичида Гейнрих, сал чапроқда Ҳасанов югуриб юрибди. Бўлди. “Ҳа боринг, еб қўярмиди, нега қўрқасиз” (с). Гуёки кўп вазият яратдик ва бу вазиятларни Гейнрих кўкка совурди. Лекин биласизми, агар ҳужумларимиз ранг барангроқ ва кўпчилик билан бўлганида, бошқаларда ҳам вазиятлар вужудга келарди. Фақат жарима майдонида ёлғиз бўлиб қолган Гейнрихга тўпни ташлайвермасдик.

Хуллас, бироз эркинроқ  бўлиб олган ва хаяжондан қутулган мезбонлар кўрдики, бизам жа кучли эмас эканмиз. Ўйнаса бўларкан. Бир бурчак тўпи тепишди. Бир жарима зарбасидан сўнг вазият яратишди. Учинчисида эса ҳисобни тенглаштиришди. Нестеров ўзига керак бўлмаган жонли деворни ўрнатди. Гейнрих бўлса, аслида, рақиб ўйинчилари бажариб берадиган вазифа – келаётган тўпга сакраб қолишни уддалади. Нестеров эса қачон жарима зарбасини қайтарувди ўзи? Эътибор берманг, футболчилар ҳақида танқидий гапларни ёзворяпман, кейинги ўйингача ҳали анча бор, ҳозир мумкин.

Иккинчи таймда ҳеч нарса ўзгармади. Ливан биринчи таймда пайдо бўлган бўшлиқларни ёпа олмади. Хавф яна ўша тарафлардан кела бошлади. Демак Ливанда бунга имконият ҳам бўлмаган экан. Бори шу эди уларнинг. Афсуски биз ҳам ҳеч нарсани ўзгартира олмадик. Тўп билан бироз юргандан кейин, зарба беришга кучи қолмайдиган футболчилар билан 76 дақиқагача алмаштиришсиз ўйнадик. Кимни ҳам тушишардик? Ахир таркиб Абрамовники-ку? Қосимовнинг ўзи танлаган таркиби бўлганида, ғалаба қозонардик. Ҳа-я, Абрамовнинг ўзи бугун келганида ҳам ғалаба қозонардик. Хуллас бувим эркак бўлганда бувам бўларди... Бу энг ёмони. Навбатдаги жаҳон чемпионатини жуда хунук тарзда бой беряпмиз-у, агар таҳлил қилишни истасак, фақат воқеаларнинг қандайдир тус олганини гапиришга мажбурмиз. Мана бунақа бўлганида қанақа бўлиши мумкинлигини ҳеч қачон била олмаймиз! Йўқ, сабаб, бўлаётган хатоларни тузатишга эмас, эски хатоларни яширишга уриниш! Ва мана натижа...

Биз ғалаба қозона олмадик. Қаердадир эшитдим, менимча ўйиндан кейинги студияда бўлса керак, энди сентябргача Қосимовда етарли вақт бор экан. Хулосалар чиқариш ва вазиятни ўзгартириш учун. Шошманг, балки ўзим ҳам шунақа дегандирман. Каллам ачиб кетди. Биласизми, адашибман. Икки ойми, бир йилми, ҳеч нарсани ўзгартира олмаймиз. Бунақасини илгари ҳам кўргандик.

Айтганча, Лихтенштейнда ҳам одамлар бахтли.

Лекин у ерда футболдан бахт қидирадиганлар йўқ бўлсачи?   

Қаҳрамон Асланов

ЖЧ-2014 саралаши IV  босқич II тур учрашуви

ЛИВАН – ЎЗБЕКИСТОН 1:1 (1:1)
Голлар: Али ас-Саъдий (36) — Жасур Ҳасанов (12)
ЛИВАН: Зайд ас-Самад, Юсуф Муҳаммад, Али ас-Саъдий, Билол Нажорин, Волид Исмоил, Аббос Аҳмад Отвий (Ҳассан Шайто, 66), Ҳассан Матук, Аҳмад Зрайк, Ҳуссайн Дақиқ, Ҳайсом Фаур (Муҳаммад Шамас, 65), Ҳаммасан Жамом Муҳаммад (Нодир Матар, 80)
ЎЗБЕКИСТОН: Игнатий Нестеров, Анзур Исмоилов, Виталий Денисов, Ислом Тўхтахўжаев, Жасур Ҳасанов (Марат Бикмаев, 90), Сервер Жепаров, Тимур Кападзе, Одил Аҳмедов, Виктор Карпенко, Санжур турсунов (Жасур Ҳасанов, 88), Александр Гейнрих (Улуғбек Бақоев, 75)
Огоҳлантиришлар: И.Тўхтахўжаев (32), А.Гейнрих (40), Ж.О.Ҳасанов (79) 
Бош ҳакам: Абдуллоҳ ал-Ҳилолий (Уммон)

Манба: stadion.uz
Киритилди: 19:57, 08.06.2012.
Ўқилди: 12595 марта.
Фикрлар: 113 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.