«Россонери»нинг собиқ футболчиси ва мураббийи Фабио Капелло GameInsight нашрига интервью берди. Қуйида ушбу суҳбат билан танишишингиз мумкин.
- Фаолиятингиздаги энг муваффақиятли давр қайси?
- «Милан»ни Сакки тарк этганидан кейин, яъни жамоадагилар у билан бошқа ишлашни истамасликларини айтишган пайтлари, мен келдим ва биз «енгилмаслар»га айлангандик. Ўшанда 58та мағлубиятсиз ўйиндан иборат серияни қайд этгандик, албатта, Чемпионлар Лигаси финалидаги ажойиб ғалабани ҳам ҳисобга олганда. Бошқа клубларда ҳам жамоага кўп нарса олиб келганман. «Рома» билан чемпионликни қўлга киритдим. Кейин Мадридга, «Реал»га ўтдим ва уч йиллик бўшлиқдан сўнг кубокни қўлга киритдик. «Юве»да ҳам ғалаба қозонганман. Қаерда ишламай, фойда келтирганман.
- Златан Ибраҳимовичнинг бугунги даражасига чиқишида сизнинг ҳиссангиз бор, дейишади...
- Ибраҳимовичнинг ҳикояси жуда чиройли. Бу йигит ҳақида эшитгандим. «Рома» Берлинда «Аякс»га қарши ўйнади. Асосий таркибда уни тополмагач, иккинчи бўлимда майдонга тушишини англадим. Танаффусга чиқиш вақти келганида йигитларни кийиниш хонасига жўнатиб, унинг чигалёзди машғулотини кузатиш учун майдонда қолдим. Златаннинг тўп билан муомаласини кўриб, ажойиб техникаси борлигини англадим. Кейин у майдонга чиқди ва ўйлаганимдан-да кўпроқ нарсаларни кўрдим. Сизга қарши ўйнаганларни ҳисобга олган ҳолда тахминлар қилишингиз мумкин. Кучсиз рақибга қарши турганда мақтаниш осон. Аммо ўшанда менда яхши жамоа бор эди, чунки чемпионликни қўлга киритгандик ва Ибрагимович мени ҳайратда қолдирди. Кейин «Ювентус»га ўтдим, у ерда биргина ҳужумчига эга эдим - Трезеге. Директорлардан Ибрагимовични сотиб олишларини сўрадим. Биз уни тўрт йил давомида тўлаш шарти билан 16 миллион долларга харид қилдик. «Аякс» унда маълум фазилатларни кўрди, лекин тўлиқ эмас. Бўлмаса, дарҳол 16 миллион сўраган бўларди. У келди ва бирга ишлай бошладик. Ибра зарба бериш ва ҳаводаги курашларда унчалик яхши эмасди. Истеъдод бўлсада, уни ривожлантириш маълум вақтни талаб этади. Златан анча тез ривожланди. Менда ван Бастеннинг барча голлари ёзилган видеокассета бор эди. Ибрани ёнимга чақириб, буни диққат билан кўриб чиқишини айтдим. У кўрган нарсасини ўзига сингдирди ва ҳақиқий тўпурар ва ассистентга айланди. Уни билганим учун айта оламанки, ҳали узоқ вақт ўйнай олади. 40 ёшида чинакамига майдонга тушиш истаги билан ёнаётган кўзларини кўриш таҳсинга лойиқ. Златан ҳар доим биринчи рақамли, етакчи бўлишни хоҳлайди. Аммо майдондаги ва кийиниш хонасидаги етакчи ўртасида катта фарқ бор. Златан бу борада ягона, чунки у ҳамма жойда етакчи. У билан гоҳида гаплашиб турамиз, сўнгги китоби тақдимотида ҳам қатнашдим. Ибра миннатдорчилик билдириш мақсадида мени саҳнага чақирди. Чунки истеъдодини юзага чиқарганимни билади, у майдонда порлай олди.
- Женнаро Гаттузо билан ишлашни афзал кўрасизми ёки Андреа Пирло билан?
- Улар турлича услубга эга, лекин биргаликда мукаммалдирлар. Ҳар бир мураббий ўрта чизиқда шундай тандемга эга бўлишни орзу қилади. Бири ажойиб тасаввурга эга ва ўйини бошқа ҳеч кимникига ўхшамайди. Яна бири эса ақл бовар қилмайдиган даражада катта ҳажмдаги ишни бажаради. Бу фарқли хусусиятлар.
МУҲАММАДХОН тайёрлади