“Бавария”дан “Барселона”га ўтган польшалик ҳужумчи Роберт Левандовски Каталония клуби тарихидаги “олтин бутса” ютган тўққизинчи футболчига айланди, деб хабар беради “кўк-анорранглилар” расмий сайти.
Гап УЕФА таркибига кирувчи мамлакатлар миллий чемпионатларининг энг яхши тўпурарига айланган футболчилар ҳақида кетмоқда. Клуб қайд этишича, аввалроқ австриялик Ханс Кранкль, болгариялик Христо Стоичков, бразилиялик Роналдо, швед Хенрик Ларссон, франциялик Тьерри Анри, уругвайлик Луис Суарес ва аргентиналик Лионел Месси “олтин бутса” совриндорига айланган.
Қизиғи шундаки, "Барселона" ушбу рўйхатга Хуан Антонио Пиццини ҳам киритган, у 1995/1996 йилги мавсумда 31 та гол билан Испания чемпионатида тўпурарлик пойгасида ғолиб чиққан. Бироқ, 1992 йилдан 1996 йилгача бўлган даврда бутун Европада "олтин бутса" расман топширилмаган.
Роберт Левандовски ўтган мавсумда Бундеслиганинг 34 ўйинида 35 та гол урган ва "Бавария" учун барча мусобақаларда 46 ўйинда жами 50 та гол урган.