Хорхе Молина фахрийлик мақоми остонаси бўлмиш 29 ёшида илк бор элитада бўй кўрсатди.
Қуйи дивизионлардаги 10 йиллик саргардонлик унга сермаҳсул тўпурар унвонини келтирган бўлсада, ҳатто «Бетис»даги фаолиятини ҳам Сегундада бошлаганди. Ўшанда у машҳур «бодринглар»нинг элитага қайтишларига кўмаклашган, ниҳоят, 2011 йил октябрида Ла Лигадаги дебют голини нишонлаганди.
Хорхе Молина «Эльче»даги мавсумни зўр ўтказди, ўз голлари билан «Бетис»га ёрдам берди, аммо 29га чиққунга қадар элита клублари эътиборини ўзига қарата олмади. Билингки, бу ҳужумчи учун «қора доғ» эди. «Бенидорм» ва «Полидепортиво» ўйинчисига «Эльче»дан элчи келгач, ишлар юришиб кетди. «Бетис» эса бу бўйдор йигитда кучли ҳужумчини ҳис эта олди ва Хорхе 6 йил ичида севильяликларга кўплаб голларни туҳфа этди.
Испаниялик мухлислар эътиборини у 2011 йил январида, Гвардиоланинг тенгсиз «Барселона»си дарвозасини 7 дақиқа ичида 2 марта ишғол этиш билан қозонди. Гарчи Месси «дубл»га «дубль» билан жавоб қайтарган бўлсада, Ансунинг голи «Бетис»га ғалаба келтирган, шу тариқа каталонияликларнинг 28 учрашувдан иборат мағлубиятсиз сериясига нуқта қўйилганди.
Кекса «хет-триклар» ва «дубль» муаллифи
Агар Роналду «Реал»га қайтса, Испанияда 1-2 йил тўп суриши ва Молинанинг рекордларини янгилаши мумкин. Ҳозирча Ла Лига тарихидаги энг кекса «хет-трик» эгаси мақоми айнан Хорхега тегишли. «Мальорка» дарвозабонини 3 марта ранжитганида Молина 39 ёш, 241 кунлик эди. Декабрда қайд этилган мазкур натижа «Атлетик» дарвозасига 3та гол урган 38 ёшли Хоакин Санчесни ранжитганди.
Орадан бир неча ой ўтгач, Хорхе мухлисларини лол қолдиришда давом этди. Энди 40 ёшни қаршилаган фахрий ҳужумчи яна ўша «Мальорка» дарвозасини икки марта аниқ нишонга олиб, энг кекса «дубль» муаллифига айланди. Ваҳоланки, у ўзининг профессионал футболдаги дебютини 25 ёшда бошлаганди. Молинанинг жисмоний ҳолати ҳамон аъло даражада - ҳафтада икки учрашувни тўлиқ ўтказа олади.
Мальоркадаги ғалаба «Гранада»ни илҳомлантирди
Дарҳақиқат, «Мальорка» устидан эришилган сафардаги йирик (6:2) ғалаба элитада қолиш учун бор куч-маҳоратини сарфлаган «Гранада»га илҳом бағишлаётгандек эди, гўё. Жамоа 10 май оқшомида «Атлетик»ни камтарона ҳисобда (1:0) маҳв этди. Бу гал Молина гол урмади, ўша паллада унинг ҳисобида 10та гол ва 5та ассист бор эди. Бу борада ҳам Хорхе Айтор Каранка жамоа-сидаги энг яхши снайпер ва энг яхши ассистентга айланганди.
Молина замонавий фишкадан фойдаланади
Хорхе Молина Видаль - ҳеч қачон ўзини юлдуз мақомида ҳис этмаган камтарин инсон. Аслида, у «Бетис» таркибида юлдузларга хос сермаҳсул тўп сурганди. Балки афсонавий Донатонинг рекордини янгилашга ҳам улгурар. Бразилиялик мерган 40 ёш, 4 ой ва 17 кунлик пайтида Ла Лигада гол урганди. Хорхе янги мавсумда ҳам майдонга тушишни режалаштирганда, албатта, «Гранада» ҳам элитадаги ўрнини сақлай олганида, бу рекорд янгиланиши эҳтимоли катта эди. Ахир Молина Сесар Родригес ва Хосе Аракистайнларни ортда қолдириб, 2-ўринда бораётганди.
Қандай қилиб юксак спорт формасини сақлаб қолмоқда?
Биринчидан, у навқирон футболчилардан фарқли ўлароқ, спорт соҳаси билимдони, бу борада олий маълумотга эга. Шунингдек, Хорхе мураббийлик лицензиясига эга бўлган тажрибали мутахассис, директор лавозимида бемалол ишлаши мумкин.
Иккинчидан, тажрибали фахрий 3 йилдан бери интервал очиқиш қоидасига риоя қилиб келмоқда. Бу самарали парҳез хусусида шифокор билан маслаҳатлашиш мумкин, спортчилар юксак савияни сақлаш ва организмдаги ёғ миқдорини камайтириш мақсадида шундай қилишади. Хорхе Молина сутканинг 8 соати давомида кундалик тамадди жараёнини охирига етказади, кейин 16 соатни (уйқу вақти билан, албатта) очликда ўтказади.
Баъзан у бутун суткани очликда ўтказиши ҳам мумкин, агар бунга ўзида эҳтиёж сезса, албатта. 100 билан юзлашган қариялар ўз ҳаётларида узоқ муддатли очлик вақтини бошдан кечирганликлари тарихдан маълум. Демак, парҳезда гап кўп. Фақат шуни ҳам унутмаслик керакки, Хорхе Молина - мураббий ва шифокорлар назорати остида турадиган профессионал атлет.
Машҳур номдошининг рақамини танлади
«Гранада»дан аввал Молина «Хетафе» сафида ҳам, жумладан, ЕЛда гол урган. Қисқаси, улкан йўлни босиб ўтган. Бундан 20 йил аввал Каранка ўзининг учинчи зафарли финалига тайёргарлик кўраётганида, навқирон Молина 350та иштирокчиси бўлган ҳаваскорлар лигасидан регионал лига жамоасига ўтиш орзусида юрганди. 20 йилдан кейин у Каранка билан ҳамкорликда «Гранада»ни аутсайдерлар гуруҳидан тортиб чиққанди. Каранка янги жамоа мухлислари юзида қувонч ва самимий табассумни кўришни ёқтирар ва бунинг учун бор куч-маҳоратини аямасди.
Янги жамоага келганида эса, Айтор зиммасидаги масъулият юкидан ҳаяжон ва тушкунлик ҳолатидаги ўйинчиларнинг маъюс нигоҳларига дуч келганди. Ахир Примерани тарк этиш камтарин жамоа учун улкан фалокат. Энди ана шу аутсайдер ҳисобида ўз тарихидаги энг йирик сафар зафари («Мальорка» - 6:2) бор. Ўша ўйинда Хорхе ўз ҳисобига 2 гол ва 1 ассистни ёздириб қўйди. Навқирон ва келажаги порлоқ ҳужумчилардек сермаҳсуллик кўрсатган Молинани ҳеч ким 15 кун аввал 40ни ортда қолдирган «қария» деб ўйламайди.
Хорхе ёшидаги ёки ундан каттароқ футболчилар Ла Лига тарихида жуда кам. 1935 йилда Гораций Лоу жамоасида бир футболчи бетоб бўлиб қолгач, 48 ёшли мураббий майдонга тушишга мажбур бўлганди. Яна бир йиллик имкон берилганида қаҳрамонимиз Рикардо, Карбони, Валерон рекордларини бекор қилиб, навбатдаги чўққи - Хоакин Санчесдан ўзиб кетиш тараддудига тушса, ажабланмасдик. Чунки Санчес ёзда фаолиятини якунлаш ниятида. Молина эса «Гранада» элитани тарк этмаслигидан умидвор эди. Афсуски, жамоаси «қуйи»га равона бўлгач, режалари ўзгарди.
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади