"Барселона" "Атлетик" ҳимоячиси Иньиго Мартинесга кўз тикди.
Каталония клуби "Атлетик"га 31 ёшли испаниялик футболчи учун яхши таклиф билан чиқишни маълум қилган. Иньигонинг "Атлетик" билан амалдаги шартномаси 2023 йилнинг ёзида тугайди ва унинг товон пули 80 миллион еврони ташкил этади.
"Атлетик" футболчига танлаш имкониятини беради: агар Иньиго кетишга қарор қилса ва шартномани узайтиришдан бош тортса, клуб уни сотиш устида ишлай бошлайди. "Атлетик" Иньиго учун олмоқчи бўлган минимал сумма - 50 миллион евро.
Агар "Барселона" иккинчи иқтисодий дастагини ишга туширганидан фойдаланиб, трансфер таклифини билдирса, "Атлетик" буни футболчи билан муҳокама қилади. Мартинес аллақачон "Барселона"нинг қизиқишидан хабардор.
2018 йилнинг январь ойида “Атлетик” Мартинесни “Реал Сосьедад”дан 32 миллион евро эвазига сотиб олганди.
Ўтган мавсумда Иньиго "Атлетик" сафида 33 та ўйин ўтказиб, 3 та гол урган ва 9 та сариқ ва 1 та қизил карточка олган.