Лондоннинг «Челси» клуби шу бугунга қадар трансферлар ойнасида ўта фаол бўлгани йўқ. Тўғри, икки йирик харидга қўл урилди. Аммо бу етарли бўлмайди. Шунга қарамай, ҳали вақт бор. Томас Тухель «Арсенал»га қарши мағлубиятли ўйиндан кейин яна бир қанча харидлар қилиш кераклигини таъкидлаганди. У айниқса ҳимоя чизиғини кучайтириш кераклигига урғу берган. Чунки жамоа яқинда икки топ-ҳимоячиси - Антонио Рюдигер ҳамда Кристенсенни эркин агент сифатида қўйиб юборишга мажбур бўлди. Қуйида «Челси» таркибининг сотиб олинган ва олинмоқчи бўлаётган футболчилари билан қандай кўринишга келиши мумкинлиги ҳақида гаплашамиз.
«Аристократлар» янги мавсумга қадар Сесар Аспиликуэта ҳамда Маркос Алонсодан ҳам маҳрум бўлиши мумкин. Шу сабабли, жамоа ҳимоя, хусусан, марказий ҳимоя учун вариантлар қидириши лозим. Айни дамда эса «Челси»да шундай номзод бор. У «Лейпциг» вакили Йошко Гвардиолдир. Ғарбий лондонликлар Хорватия терма жамоаси аъзоси ўрнига Бундеслигани яхши биладиган Тимо Вернерни таклиф этмоқчи. Бундан икки мавсум аввал Вернер, айнан «Лейпциг»дан харид қилинган эди. «Челси» ўзининг устувор мақсади бўлган Жюль Кундедан айрилгач, энди юқоридаги усулни қўллашга ҳаракат қилмоқда. Аммо «Лейпциг» бу таклифга розилик бермаётир.
«Челси»нинг ярим ҳимоя учун ҳам режалари мавжуд. Хусусан, «Манчестер Юнайтед» нишони бўлган Френки Де Йонгни тортиб олиш, мана шу амалиётнинг бир қисмидир. Агарда Де Йонг хариди муваффақиятли амалга оширилса, у ҳолда Тухель ихтиёрида анча такомиллашган ва барқарор асосий таркиб юзага келади. Бу таркибни немис мутахассиси ҳар хил услубга солиб ўйнатиши мумкин.
Томас Тухель «Челси»даги фаолияти давомида асосан 3-4-3 тактик схемаси орқали зафар қучиб келаётган эди. Агарда юқоридаги икки харид амалга ошса, у ҳолда қуйидагича жойлашув харитаси юзага келади. Унга кўра, Эдуар Менди қўриқлайдиган дарвозани учта ҳимоячи, Тиагу Силва, Йошко Гвардиол ҳамда Калиду Кулибали ҳимоя қилади. Рис Жеймс ўнг қанотга, Бен Чилвелл эса чапга жойлашади. Марказий ярим ҳимоядан Н'Голо Канте ҳамда Френки Де Йонг жой олади. Мейсон Маунт, Рахим Стерлинг ҳамда Кай Хавертс Тухель ҳужумини ташкил этиб беришади.
Шунингдек, Тухель юқоридаги футболчилардан 4-3-3 кўринишида фойдаланиши ҳам мумкин. Бир пайтлар немис мураббийи «Боруссия Дортмунд»да айнан мана шундай тактикани қўллаб, ҳаракат қилган. Бу вариантда марказий ҳимояни Кулибали ҳамда Гвардиол ташкил этиб беради. Қанотлар ҳар доимгидек Жеймс ҳамда Чилвеллга топширилади. Таянчда Жоржиньо ҳаракат қилган ҳолда, ярим ҳимоянинг юқори чизиғида Канте ҳамда Де Йонг жойлашади. Стерлинг Хавертз билан «ёлғон тўққизлик»ни ҳосил қилади. Уларга қанотда Маунт ёрдам беради.
ИСМАТОВ Ж.