Англия Премер-лигаси шу номни олганига бу ёзда 30 йил тўлди. Ушбу вақт давомида кўплаб жамоалар турнирда иштирок этишган. 1992-1993 йилги мавсумдан эски, "Биринчи Дивизион" номи, Премьер Лигага ўзгартирилган эди. Шундан бери клублар турнирнинг янги номи остида ҳаракат қилмоқда. Қуйида тўлиқ уч декада давомида қайси жамоалар энг кўп очко йиға олгани ҳақида сўз юритамиз.
"Манчестер Юнайтед"ни чемпионлик борасида мутлақ етакчи деб аташ мумкин. Клуб 30 йилда 13 марта мамлакат чемпиони бўлишга муваффақ бўлган. Бу титулларнинг барчаси Фергюсон даврида қўлга киритилган эди. Бу борада қўшни "Манчестер Сити"да олтита, "Челси"да бешта, "Арсенал"да эса учта АПЛ тожи мавжуд. "Блэкберн", "Лестер" ҳамда "Ливерпуль" бир мартадан шохсупага кўтарилган. Аммо очко йиғиш борасида мутлақо бошқача статистикани гувоҳи бўласиз. Титуллар ўз йўлига, аммо 30 йилда ким энг кўп очко йиғган?
Бу борада ҳам "МЮ" етакчидир. "Олд Траффорд" эгалари жами 1152 та ўйинда 2366 очкони расмийлаштирган. Биринчи ўрин ва иккинчи ўрин орасида эса фарқ катта. Аммо иккинчи ва учинчи поғонадаги клублар ўта зич жойлашган. Бунда "Арсенал" худди "МЮ" каби 1152 та ўйинда 2141 очко жамғариб турган бўлса, "Челси" 2138 очко билан уни таъқиб қилмоқда. Орадаги фарқ бугунга келиб, атиги 3 очкони ташкил этади. Тўртинчи ўринни "Ливерпуль" банд этган. Мерсисайдликларда 2109 очко мавжуд. Бешинчи поғонани эгаллаб турган "Тоттенхэм"да 1787 очко бор. Олтинчи ўринда эса Англия чемпионлигини 6 марта нишонлаган "Манчестер Сити" бормоқда. Унда жами 1629 очко мавжуд. Аммо шуни таъкидлаш жоизки, Манчестернинг кўк томонидагилар юқоридаги жамоаларга қараганда анча кам, 962 та АПЛ учрашуви ўтказган. Чунки улар ўтмишда беш мавсум давомида элитадан тушиб қолган эди.
Энди қисқача АПЛ тарихидаги энг ёмон натижага эга жамоаларга ҳам тўхталиб ўтсак. Бу борада энг шармандали натижа "Суиндон" клубига тегишли. Бу жамоа бир мавсум АПЛда иштирок этиб, 42 та ўйинда 30 очко тўплаган холос. Ундан кейинги поғонани "Барнсли" эгаллайди. Улар бир мавсумда 38 та ўйинда 35 очко йиғган. Шунингдек, улардан яхшироқ натижа қайд этганлар орасида "Блэкпул" (39), "Брентфорд" (46), "Хаддерсфилд" (53) ҳамда "Брэдфорд" (62) клублари жой олишган. Охирги номлари саналган жамоаларнинг ҳар иккиси АПЛда икки мавсум қатнашган.
ИСМАТОВ Ж.