Ўзбекистон терм жамоаси аъзолари U-22 Осиё чемпионати «D» саралаш гуруҳининг икки ўйини давомида икки марта сариқ карточка билан огоҳлантирилди.
ЖАРОҲАТЛАР
Саралаш ўйинлари бошланганидан бери Ўзбекистон терма жамоаси ҳали бирорта ҳам ўйинни тўлиқ таркиб билан ўтказа олгани йўқ. Бангладеш терма жамоасига қарши дастлабки ўйинда Темурхўжа Абдухолиқов жамоадошларига ёрдам бера олмаган бўлса, непалликларга қарши баҳсда Алибобо Раҳматуллаев кичик жароҳат сабаб майдонга туша олмади.
Яманга қарши ўйин ҳам бу борада истисно бўлмайди. Бу сафар Ўзбекистон терма жамоаси сафида икки нафар футболчининг майдонга туша олмаслиги эҳтимоли катта. Жумладан, марказий ҳимоячи Шерзод Файзиев Непалга қарши ўйинда бироз шикастланган бўлса (айнан шу сабаб билан у ўйиннинг 67-дақиқасида Сардор Раҳмоновга алмаштирилган эди), Бангладешга қарши баҳсда жароҳатланган Алибобо Раҳматуллаев эса ҳали тўлиқ тикланиб улгургани йўқ.
КАРТОЧКАЛАР
18 июнь куни Бангладеш терма жамоасига қарши кечган дастлабки учрашувда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари осон бўлмаган ғалабани қўлга киритган бўлишса-да, ўйинни карточкаларсиз якунлашга муваффақ бўлишган эди. Орадан икки кун ўтиб майдон эгалари – Непал терма жамоасига қарши ўйинда ўзбекистонлик футболчлардан икки нафари огоҳлантирилди. Биринчи бўлим бошида ярим ҳимоячи Дилшод Жўраевга сариқ карточка кўрсатилган бўлса, тайм якунланиши арафасида Давронбек Ҳошимов огоҳлантириш олганди.
Шундан келиб чиқиб, Жўраев ҳам, Ҳошимов ҳам, бундан ташқари, таркибнинг бошқа аъзолари ҳам Яман U-22 терма жамоасига қарши 4-тур учрашувида эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишлари талаб этилади. Чунки, 24 июнь куни Иордания терма жамоасига қарши ўйин, кўп жиҳатдан, ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши ва унда ҳар бир футболчининг ўрни сезилиши мумкин.
Бугун, 22 июнь куни ўзбекистонликларга рақиблик қиладиган Яман терма жамоаси Иордания ва Непалга қарши ўтган икки ўйинда жами бешта карточка ишлаб олган. Бироқ терма жамоа таркибида 4-тур учрашувини ўтказиб юборадиган бирорта ҳам футболчи йўқ. Саралаш ўйинларидаги ҳозирча ягона қизил карточкага лойиқ кўрилган Иордания терма жамоаси сафида, агар 22 июнь куни Непалга қарши ўйинда сариқ карточка оладиган бўлса, Иброҳим Далдум Ўзбекистонга қарши ўйинни ўтказиб юборади.
Умумий ҳисобда, «D» саралаш гуруҳи ўйинларида энг кўп карточка олган терма жамоа Яман бўлиб турибди – Абраҳам Гебреслассие шогирдлари Иордания ва Непал терма жамоаларига қарши ўйинларда жами бешта карточка олишган. Непал ҳамда Бангладеш ҳисобида тўрттадан очко бўлса, Ўзбекистон терма жамоаси, қайд этилганидек, иккита карточка «ишлаган». Иордания терма жамоасининг икки карточкасидан биттаси Яманга қарши ўйинда терма жамоа сардори Ҳамза Алига кўрсатилган қизил карточка эди.
ГОЛЛАР
21 июнь ҳолатига кўра, U-22 Осиё чемпионати саралаш баҳсларининг энг сермаҳсул жамоаси Иордания терма жамоаси бўлиб турибди. Ислом Табиат шогирдлари Яман ва Бангладешга қарши ўйинларда жами еттита гол уришга муваффақ бўлишди. Айни вақтда, иорданияликларни мусобақанинг энг мустаҳкам ҳимоясига эга жамоаси сифатида ҳам қайд этиш мумкин – жамоа ҳали ўз дарвозасидан бирорта ҳам гол ўтказиб юборгани йўқ.
Сермаҳсуллик бўйича кейинги ўринда Ўзбекистон ҳамда Непал жамоалари бормоқда. Ҳар иккала жамоа ҳам шу кунгача рақиблар дарвозасига олтитадан гол уришга муваффақ бўлган. Ўзбекистонлик футболчилар олтита гол уриш давомида ўз дарвозаларидан учта гол ўтказиб юборган бўлишса, Непал олтита гол ўтказиб юборган. Яман атиги битта гол билан уч очко ишлаган бўлса, гуруҳ аутсайдери Бангладеш терма жамоаси Непал ҳамда Ўзбекистон дарвозасига гол уришга муваффақ бўлганди.
ТЎПУРАРЛАР
Саралаш ўйинлари тўпурарлар пойгасида ҳозирча учта пешқадам бор. Булар – Непал терма жамоаси ҳужумчиси Сужал Шреста, Иордания терма жамоаси ҳужум чизиғи етакчиси Маҳмуд Салим Затара ҳамда Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Шоҳруҳ Гадоев. Ушбу футболчиларнинг ҳар бири ҳозиргача учтадан гол уришга муваффақ бўлган. Сужал Шреста Бангладеш терма жамоасига қарши ўйинда дублга эришган бўлса, Ўзбекистон билан ўйинда ҳисоб тенглаштирувчи голга муаллифлик қилган. Маҳмуд Салим Затара ҳам Бангладешга қарши ўйинда дублга эришган, шунингдек, Яманга қарши ўйинда гол урган тўрт футболчидан бири бўлганди.
Шоҳруҳ Гадоев Ўзбекистон терма жамоасининг саралаш босқичидаги ҳар иккала ўйинида асосий фигуралардан бири бўлди. Бангладешга қарши ўйинда айнан унинг жарима зарбасидан киритилган ажойиб гол эвазига Ўзбекистон ғалаба қозонган бўлса, Непалга қарши ўйинда у яна бир бор ўша жарима зарбасини такрорлаб, қўшимчасига, ўйиннинг иккинчи бўлимда Ўзбекистон терма жамоасини яна бир бор ҳисобда олдинга олиб чиққанди.
Ундан кейинги ўринда иккитадан гол билан Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов ҳамда Иордания терма жамоаси ҳимоячиси Халил Зайд бормоқда. Темурхўжа ҳар иккала голини битта – Непалга қарши ўйинда уришга муваффақ бўлган эрса, Иордания терма жамоасининг асосий футболчиларидан бири ҳисобланган Халил Зайд Яман ва Бангладешга қарши ўйинларда ўзини кўрсатди.
Иордания терма жамоаси аъзолари – Мусъаб Муҳаммад ва Ҳамза Али, Непал терма жамоаси аъзолари Жагжит Шреста, Бҳарат Хавас ва Анил Ожҳа, Бангладеш терма жамоаси аъзоси - Имон Маҳмуд, Яман терма жамоаси ҳимоячиси Ҳусайн Саддам ҳамда Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Павел Смоляченко биттадан гол урган. Саралаш баҳсларидаги яна бир гол Непал терма жамоаси ҳимоячиси Дипак Бҳусал ҳисобига ёзилган бўлиб, у Бангладеш билан ўйинда ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйганди.