АПЛ клублари учун бу мавсум осон бўлмаслиги аниқ. Бугун Туркиянинг Истанбул шаҳрида ЕЧЛга қуръа ташланади. Бу эса мавсумнинг биринчи ярмини жамоалар қандай ўтказишини белгилаб беради. «Тоттенхэм» Европанинг энг нуфузли мусобақасига қайтди. «Манчестер Сити», «Челси» ва «Ливерпуль» эса ЕЧЛнинг сўнгги иккита мавсумида финалга қадар етиб бора олган жамоалар саналади. «Арсенал» ҳамда «МЮ» эса Европа лигасидаги рақибларини билиб олишлари учун яна 24 соат кутишларига тўғри келади. «Вест Хэм» ЕКЛ йўлланмасини нақд қилиши керак.
Қишда бўлиб ўтиши кутилаётган Жаҳон чемпионати ички мусобақаларни қоқ иккига бўладиган бўлди. Хусусан, АПЛ ҳам 13 ноябрга қадар 16 та турни, боксинг дейдан бошлаб эса, қолган 22 та турни ўтказиши белгиланган. Бу нарса УЕФАни ҳам ўз дастурларини қайта тақвимлаштиришга мажбур қилмоқда. Хусусан, ЕЧЛнинг 6 та гуруҳ баҳслари жуда қисқа, 57 кунга мўлжалланади. Бу эса 9 ҳафтадан 6 тасида ҳафта ўртасидаги баҳслар бўлишини англатади. АПЛнинг ўзида Жаҳон чемпионатига қадар 12 та марказий баҳс мавжуд ва уларнинг ҳаммаси ўтказилиши белгиланган. Бу нарса инглиз клублари учун ҳақиқий синов бўлади. Ўшанда улар ўз ресурслари қанчалик даражада бой эканини кўрсатиши керак.
ЕЧЛ баҳслари ҳамма каби АПЛ жамоаларига ҳам катта фойда келтиради. Хусусан, «Манчестер Сити» гуруҳ баҳсларининг барчасида ғалаба қозонса, у ҳолда, 53 миллион фунт ишлаб олади. Афсуски, евромайдонда инглиз клубларининг омади чопавермайди. Буни Гвардиоланинг ЕЧЛни ола билмаганидан ҳам кўрсак бўлади. «Реал» ўтган мавсумда Томас Тухель, Гвардиола ҳамда Клопп жамоасини кетма-кет мағлубиятга учратганди. Гарчанд инглизлар УЕФА жадвалида энг юқори коэффициентга эга бўлса ҳам, финалларда ғалаба қозонишда анча оқсаган. АПЛ жамоалари сўнгги 10 та ЕЧЛ финалининг атиги 2 тасини ютган. Бу эса биргина «Реал»нинг натижасидан 3 тага камроқдир. Ўша иккита ғалаба ҳам 2019 йилги «Ливерпуль» ҳамда 2021 йилдаги «Челси»нинг чемпионлигидир. Аммо уларнинг ҳар иккиси ҳам финалларда АПЛдаги рақибларини мағлуб этганди (мос равишда – «Тоттенхэм» ва «Манчестер Сити»). Охирги марта инглиз клуби ўзга давлат клубини мағлуб этиши 2012 йилга тўғри келади. Ўшанда «Челси» «Бавария»ни ютган. Ундан олдингиси эса «Ливерпул»нинг Карло Анчелотти бошчилигидаги «Милан»ни Истанбулда мағлуб қилгани эди.
Хуллас, бу мавсум ўзига хос бўлиши аниқ. Биз мухлисларга эса ўйинлар сони қанча кўп бўлса, шунча яхши. ЕЧЛ қуръасида Клопп, Гвардиола, Конте ва Тухелга омад тилаймиз.
ИСМАТОВ Ж.