Европада ёзги трансферлар ойнаси 1 сентябрь, пайшанба куни ёпилади, "Манчестер Юнайтед" бозорда бироз шов-шув кўтаришни режалаштираётган кўринади. Қолган тўрт кун ичида "қизил иблислар" икки футболчи билан хайрлашиши, шунингдек, иккита янги футболчи билан шартнома имзолаши мумкин.
Антонини сотиб олиш
100 миллион еврога 22 ёшли футболчини сотиб олиш, бу катта таваккал деганидир. Нидерландия футболи тарихида Антони энг катта харидга айланган бразилиялик футболчи бўлди. У 2020 йилда Европага йўл олганди. Антони учун "Манчестер Сити" ҳамда "Эвертон" ўша пайтда кучли қизиқиш билдирган. Аммо у "Аякс"ни танлайди. Бугун эса у ўз устози Эрик тен Хаг ҳамда жамоадоши Лисандро Мартинеснинг олдига йўл олди. Умуман олганда, бу ёздаги трансфер "Аякс" учун ажойиб кечди. Клуб бир нечта футболчисини жами 193 миллион фунтга сотди. Биргина "МЮ"нинг ўзи уларга Мартинес ҳамда Антони учун 140 миллион фунт тўлаб берди.
Криштиану Роналдунинг кетиши
Криштиану Роналдунинг агенти Хорхе Мендеш мижози учун янги клуб изламоқчи. Тен Хаг португалияликни қўйиб юборишга тайёр кўринади, шунинг учун Криштиану трансфер ойнаси ёпилгунча Манчестерни тарк этиши мумкин.
Ярим ҳимояда кутилмаган юксалиш
Айрим маълумотларга кўра, Каземиро харид қилинганидан сўнг "қизил иблислар" ярим ҳимоя чизиғини янада кучайтирмоқчи. Френки де Йонг билан келишув амалга ошмаса керак, аммо "Юнайтед" ҳали ҳам янги ярим ҳимоячи қидирмоқда.
Ван-Биссаканинг "Кристал Пэлас"га қайтиши
Диого Далот ўзини Тен Хагнинг энг яхши ўнг қанот ҳимоячиси сифатида кўрсатди, Аарон Ван-Биссака эса бу мавсумда майдонда атиги 4 дақиқа ўйнади. Бундай уйғунлик юқори амбицияли футболчига мос келиши даргумон. Ўйин вақтини қидириб, Аарон "Кристал Пэлас"га қайтиши мумкин, эҳтимол бундай трансфер Ван-Бисака учун фаолиятини давом эттириш учун энг яхши вариант бўлади.