«МЮ» Рафаэль Варан иштирокида клуб мухлислари билан ижтимоий тармоқларда суҳбат уюштирди.
Унда франциялик ҳимоячи турли мавзудаги саволларга жавоб берди. Қуйида ана шу ўзига хос интервьюдан энг қизиқларини эътиборингизга ҳавола этдик.
- Футболга меҳр қўйишингизга ким сабабчи бўлган?
- Болалигимда ҳар бир яхши футболчига эргашганман. Алоҳида бир кишини ажратиб кўрсатолмайман. Лекин, албатта, кўпроқ ҳимоячиларга эътибор берардим ва шунчаки футболдан завқ олишни хоҳлардим.
- Қандай қилиб босим остида бунчалик хотиржам бўлишга муваффақ бўласиз?
- Шунчаки ўзлигимда қолишга ҳаракат қиламан. Босимни ўзгартириш учун концентрацияни сақлаш ва диққатни жамлашга ҳаракат қиламан. Ва хотиржамликни сақлашга ҳаракат қиламан, лекин бу ҳар доим ҳам осон бўлмайди. Шундай бўлсада, бор эътиборимизни ўйинга қаратамиз.
- Ҳозиргача «Юнайтед»даги ўйинларингиздан қайси бири сизга кўпроқ ёқди?
- Битта ўйинни ажратиш қийин, лекин «Олд Траффорд»даги биринчи голим ўзгача лаҳза бўлди.
- «МЮ» сафидаги илк голингизни («Брентфорд»га қарши ўйинда) урганингизда ўзингизни қандай ҳис қилдингиз?
- Албатта, бу ажойиб эди. Ақл бовар қилмас туйғулар... жуда хурсанд бўлдим.
- Нега 19-рақамни танладингиз?
- Бу «Реал»даги биринчи рақамим эди, шунинг учун уни бошқа буюк клубда ҳам сақлаб қолишга қарор қилдим.
- Тарихдаги энг севимли футболчингиз ким?
- Жавоб бериш қийин. Менинг севимли ўйинчим йўқ, шунчаки футболдан завқланаман.
- ЖЧ-2018 финалининг сўнгги ҳуштагини эшитганингизда биринчи бўлиб нимани ўйладингиз?
- Бу ўзгача лаҳза эди. Фаолиятимда бошдан кечирган энг кучли туйғу, десам адашмайман. Бу жуда катта кубок ва алоҳида онлар, шунинг учун ажойиб бўлди.
- Футболдан ташқари энг катта ютуғингиз нима?
- Ҳаётимдаги энг муҳим нарса бу менинг оилам. Демак, энг муҳими шу.
- «МЮ»нинг қайси собиқ футболчиси билан ўйнашни кўпроқ ҳоҳлаган бўлардингиз?
- Эҳтимол, Лоран Блан биландир, чунки у ҳам мен каби франциялик ҳимоячи ва ажойиб футболчи бўлган.
- Сиз клуб ва халқаро миқёсда катта жамоаларда ўйнагансиз, сизнингча, «МЮ» нимаси билан ажралиб туради?
- Менимча, «Олд Траффорд» ўзгача. Бу ердаги мухлислар ажойиб. Биз доим ва дунёнинг ҳар бир чеккасида қўллаб-қувватлашларини ҳис қиламиз.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади