Журналист Юрген Клоппдан АПЛдаги ўйинларнинг қолдирилгани жамоа ритмини бузиб қўйиши мумкинлиги ҳақида сўраганда, мураббий тўғри таъкидлади - аксинча, танаффус жамоанинг ритмга тушиб олишига ёрдам бериши мумкин.
"Челси", "Ливерпуль" ва "Манчестер Юнайтед"нинг 2 тадан ўйини бошқа кунга қолдирилди. "Арсенал", "Тоттенҳэм" ва "Манчестер Сити" эса, келаётган шанбада майдонга тушадилар. Тақдирни ҳазилини қарангки, айнан кўпроқ машғулотга муҳтож бўлган ва ўйин ритмини топишга эҳтиёж сезган жамоаларда бу имконият тақдим этилмоқда.
Чунки "Арсенал" ҳам, "Сити" ва "Тоттенҳэм" ҳам трансфер бозоридаги асосий ўзгаришларни анча эрта амалга оширишди ва мавсумолди йиғинларда тўлиқ оптимал таркибда қатнашишди. Мавсум стартида бу қўл келгани шубҳасиз, айнан шу жамоалар ҳозирда дастлабки уч ўринни эгаллаб турибди.
Аввал саналган уч жамоа эса, аксинча. "Челси" асосий харидларини августнинг охирида амалга оширди, бунинг устига мураббий алмашди. Мундиалгача жамоалар ҳафтада икки ўйин режимида ўйнашини эътиборга олсак, тўлақонли машғулот ўташнинг ҳам имкони йўқ - танаффус Поттер учун фойдали. "Юнайтед" ҳам Каземиро, Антони каби трансферларни анча кеч амалга оширди, Эриксен, Роналду каби футболчилар йиғинларга анча кеч қўшилишди. "Ливерпуль" эса, асосан жароҳатлар ва майдон марказидаги муаммолар туфайли, мавсумни кўнгилдагидек бошлай олмади. Клоппнинг гапларида жон бор.
Хуллас, ҳа, қачондир бу жамоалар бошқалардан кўра камроқ дам оладилар, қайсидир ҳафтада ортиқча ўйин бўлади, лекин Клопп, Тен Хаг ва Поттер ҳозирги танаффусни совғадек қабул қилаётганлари шубҳасиз.
Қаҳрамон Асланов.