Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили

Легионерларимиздан дараклар ёки Улуғбек Бақоевнинг ўғли ҳам «Энергетик»да

Баҳо:
+ | -

Италия. «Рома» «А» серияда қаторасига 2-ўйинда мағлубликни тан олди. «Бўрилар» бу сафар ўз майдонларида «Аталанта»га ютқазиб қўйишди - 0:1.

ЕЛ гуруҳ босқичи 2-турида ХИК клубига қарши кечган ўйин (3:0)да Элдор Шомуродовга имкон бермаган Жозе Моуриньо чемпионат баҳсида ҳамюртимизни 79-дақиқада жангга ташлади. Тема жамоа­миз сардори қолган вақт давомида кўп ҳаракат қилди, ҳужумларда фаол иштирок этди, зарбалар ҳам йўллади, аммо самарасиз...

Туркия. «Фотиҳ Қорагюмрюк» Суперлига 7-турида «Истанбул» меҳмони бўлиб, ортга 0:0 ҳисоби ва 1 очко билан қайтди. Жамоа ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров бу сафар ҳам бошланғич таркибдан жой олди ва деярли тўлиқ вақт ҳаракатланди. Аниқроқ ифода этганда, 66-дақиқада сариқ карточка олган ҳамюртимиз ўйинга қўшиб берган вақтда иккинчи марта огоҳлантирилди ва финал ҳуштаги янграшидан олдин майдонни тарк этди. 

Россия. Иброҳимхалил Йўлдошевнинг жамоаси «Пари НН» РПЛ 10-турида «Оренбург»ни қабул қилиб, кутилмаганда, 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Ҳамюртимиз ушбу омадсиз учрашувда тўлиқ қатнашди. «Торпедо» аксинча, мавсумдаги илк ғалабасини тантана қилди, яна ЦСКА билан ўйинда! «Автозаводчи» Ҳожимат Эркинов 1:0 ҳисобида расмийлаштирилган ушбу сенсацион ғалабага тўлиқ 90 дақиқалик фаол ҳаракати билан муносиб ҳисса қўшди. «Урал» эса Остон Ўруновни захирада қолдирди ва ўз мухлислари қаршисида «Ахмат»га бас келолмади - 1:2. Екатеринбург жамоаси ҳафта ўртасида Россия кубоги гуруҳ босқичи 2-турида ЦСКА меҳмони бўлиб, айнан 1:2 ҳисобида имкониятни бой берганди. Ўрунов чемпионат ўйинидан фарқли ўлароқ, кубок баҳсида 63-дақиқадан эътиборан майдонда ҳаракат қилди. Ҳожимат Эркинов ҳам кубок турнирида захирадан майдонга тушди ва «Торпедо» сафарда «Сочи»ни 3:1 ҳисобида енгди. 

Беларусь. «Энергетик-БГУ» Олий лига 22-турида амалдаги чемпион ва пешқадам - «Шахтёр»дан 3 очко тортиб олди. Солигорск­да кечган ўйинда «талабалар» тўпурари Бобур Абдухолиқов 66 дақиқа ҳаракатланди, аммо бу сафар майдондан голсиз чиқиб кетди. Эътиборли томони, унинг ўрнига «Сўғдиёна» бош мураббийи Улуғбек Бақоевнинг ўғли Амирбек Бақоев тушди. Тўғри кичик Бақоевнинг дебюти кўнгилсиз тугади - 18 ёшли ярим ҳимоячи 90+2-дақиқада қизил карточка олди. «Энергетик» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов эса майдонда тўлиқ ват тўп сурди. Асосийси, 40-дақиқада урилган ягона гол эвазига ғалаба қозонган «талабалар» ўз очко­ларини 44тага етказиб, «Шахтёр» (43 очко)ни 2-ўринга суришди.

БАА. «Шабаб Ал-Аҳли» Про-лига 3-туридан ўрин олган «Ал-Ваҳда»га қарши ўйинни 2:1 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди. Жамоа ярим ҳимоячиси Азиз Ғаниев бу учрашувда тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди.

Қозоғистон. «Тобол» Игорь Сергеев 72-дақиқада захирадан майдонга тушган сафар ўйини (ҚПЛ 20-тури)да «Астана»ни 2:1 кўринишида доғда қолдирди.

Қатар. Ислом Тўхтахўжаев Юлдузлар лигаси 7-турида майдонга қайтди ва «Ал-Гарафа»нинг «Марҳия»дан 2:1 ҳисобида устун келишига катта ёрдам берди. Эслатма, ҳамюртимиз 31 август куни «Ал-Аҳли» билан баҳсда қизил карточка олганди. У шу туфайли орада битта ўйинни ўтказиб юборди. Италиялик Андреа Страмаччони бошқарувидаги «Ал-Гарафа» шу ғалабадан сўнг очколари сонини 12тага етказиб, турнир жадвалида 4-ўринга кўтарилди.

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:00, 19.09.2022.
Ўқилди: 4977 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.