Ўзбекистон Кубоги нимчорак финал ўйинлари деярли якунига етди.
Нимчорак финал
4 июль куни чорак финалнинг дастлабки икки иштирокчиси номи маълум бўлганди. Тошкентнинг «Пахтакор» клуби, «Навбаҳор» майдонида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонгани сабаб, «Жар» стадионида 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаганига қарамай, кейинги босқичга йўлланма олган бўлса, «Андижон» сафарда урилган гол эвазига «Олмалиқ»ни нимчорак финалда қолдириб кетди.
Нимчорак финалнинг қолган ўйинлари 5 июль куни бўлиб ўтди. Жиззахдаги Марказий стадион таъмирланаётган сабаб, Бекободда меҳмон сифатида тўп сурган «Металлург» «Сўғдиёна»ни 3:2 ҳисобида мағлуб этган бўлса (дастлабки ўйин – 3:1, «Металлург» фойдасига), «Бунёдкор» Руслан Мелзиддиновнинг ягона голи эвазига «Шўртан»ни Ғузорда мағлубиятга учратишга муваффақ бўлди (дастлабки ўйин – 2:0, «Бунёдкор» фойдасига).
«Бухоро» Самарқандда бўлиб ўтган дастлабки ўйинда «Динамо»ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратан эди, ўз майдонида ўтказилган ўйинда гол ура олмаган бўлса-да, ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Муборакда «Машъал»га 1:2 ҳисобида имкониятни бой берган «Қизилқум» эса Зарафшонда бўлиб ўтган жавоб ўйинида рақиб дарвозасига йўл топа олмагани ҳолда, «Машъал»дан иккита гол ҳам ўтказиб юборди. Ушбу натижани жавоб ўйинларининг кутилмаган натижаси сифатида баҳолаш мумкин.
2011 йилги Ўзбекистон Кубоги финалчиси, Қаршининг «Насаф» жамоаси чорак финал масаласини ўз майдонида бўлиб ўтган биринчи ўйиндаёқ ҳал қилиб қўйганди. Ўзбекистон Биринчилиги пешқадамларидан бири, Сирдарё вилоятининг «Гулистон» дарвозасига олтита гол урган Усмон Тошев шогирдлари (биринчи ўйин – 6:1, «Насаф» фойдасига), жавоб ўйинида ҳам 2:0 ҳисобида зафар қучишди.
Чорак финал
2012 йилги Ўзбекистон Кубоги чорак финалида «Металлург» «Насаф» билан, «Бунёдкор» «Машъал» билан, «Андижон» эса «Пахтакор» билан баҳс олиб боради. Бекобод ҳамда Андижондаги ўйинлар 8 июль куни бўлиб ўтса (ЎзПФЛ қарорига кўра, «Андижон» – «Пахтакор» ўйини ҳам ўзгартирилди), 9 июль куни Тошкентдаги «Жар» стадионида мубораклик футболчилар меҳмон бўлишади. Жавоб ўйинлари 29 июль кунига режалаштирилган.
Чорак финалнинг яна бир иштирокчиси – «Бухоро» клуби босқич доирасидаги илк учрашувини 25 июль куни ўз майдонида «Локомотив» ёки «Нефтчи» жамоаларидан бирига қарши ўтказади. 29 июль куни бўлажак жавоб ўйини қайси шаҳарда ўтказилиши 9 июлдан кейин маълум бўлади.
«Локомотив» – «Нефтчи»
«Нефтчи»нинг ОФК Кубоги баҳсларидаги иштироки сабаб, кейинроқ муддатга сурилиб кетган «Локомотив»га қарши Ўзбекистон Кубоги нимчорак финал дастлабки ўйини 5 июль куни Тошкентдаги янги «Локомотив» стадионида бўлиб ўтди. Учрашув 2:1 ҳисобида тошкентлик «темирйўлчилар» фойдасига ҳал бўлди.
Дастлаб, 14-дақиқада «Локомотив» ярим ҳимоячиси Дилшод Раҳматуллаев бош билан йўллаган зарбаси билан ҳисобни очди. Танаффусгача бу ҳисоб бошқа ўзгармаган бўлса, иккинчи бўлимнинг 11-дақиқасида «Нефтчи» ҳимоячиси Ойбек Нурбоев, Мансур Саидов томонидан амалга оширилган жарима зарбасидан сўнг Павел Бугало дарвозасини аниқ нишонга олди.
Бироқ, «Нефтчи» футболчилари 1:1 ҳисобидаги дуранг натижани ўйин охирига қадар сақлаб қола олишмади. 79-дақиқасида «Локомотив»нинг арманистонлик етакчи ярим ҳимоячиси Ромик Хачатрян томонидан бошланган ҳужум чап қанотда, иккинчи бўлимда майдонга туширилган Садриддин Абдуллаев томонидан ривожлантирилди ва охир-оқибат «Локомотив»нинг арманистонлик бошқа бир етакчиси – Жора Оганесяннинг чиройли голи билан якунига етди. 2:1 ҳисоби ўйин якунига қадар сақланиб қолди.
«Локомотив» ҳамда «Нефтчи» жамоалари ўртасидаги Ўзбекистон Кубоги нимчорак финал жавоб учрашуви 9 июль куни Фарғонада бўлиб ўтади. Ушбу жуфтлик ғолиби чорак финалда, нимчорак финал босқичида Самарқанднинг «Динамо» клубини ортда қолдирган «Бухоро»га қарши майдонга чиқади. Ярим финал йўлланмаси йўлидаги дастлабки ўйин 25 июль куни Бухорода бўлиб ўтса, 29 июль кунига белгиланган жавоб ўйинига қайси шаҳар мезбонлик қилишини 9 июлдан кейин билиб оламиз.