Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Аюбхон Нўъмонов: «Олдимизга қўйилган ҳар бир вазифа муҳим»

Баҳо:
+ | -

ФИФА кунлари туфайли юзага келган кичик танаффус Суперлигадаги қизғин курашлардан тойиган клубларга бироз қўл келган бўлса, ажабмас.

 Айниқса, учта фронтда катта куч йўқотаётган «Сўғдиёна»га. Биласиз, Жиззах жамоаси чемпионатда медалларга даъво қилишидан таш­қари, мамлакат кубоги ҳамда ОФК кубогида ҳам юришини давом эттирмоқда. Оддий айтганда, охирги тур баҳсларида Улуғбек Бақоев шогирдлари ҳаракатида бироз чарчоқ сезилди, зеро, орада уларнинг ҳар 4 кунда майдонга тушишларига тўғри келди. Хўш, чарчоқ ҳақидаги фикр нечоғли тўғри? «Сўғдиёна» ярим ҳимоячиси Аюбхон Нўъмонов билан суҳбатда шу каби саволларни ўртага ташладик.

- Аюбхон, «Сўғдиёна» охирги ўйинларда кетма-кет муҳим очколарни йўқотди. Жумладан, Суперлига 19-турида «Металлург» меҳмони бўлиб, ортга мағлубият билан қайтдинглар. Айтингчи, шу куни бекободликлар чиндан ҳам, сизлардан яхшироқ ўйнашдими ёки...?

- Ўйинни кўргандирсиз, биз ҳам бир қатор яхши вазиятлар яратдик, фақат улардан фойдаланишда оқсадик. Умуман, майдонда кескин кураш борди, лекин «Металлург» қайсидир жабҳада яққол устунликка эришгани йўқ. Демоқчиманки, ғалабани бемалол ўз томонимизга оғдиришимиз ҳам мумкин эди. Барчасини кичик деталлар ҳал қилди. Илож қанча, футболда ғалаба ва мағлубият ҳамиша ёнма-ён. Ўша куни омадимиз чопмади ва якунда мағлубликни тан олдик.

- Ўша ўйин натижасидан сўнг айрим мухлис ва мутахасислар «Сўғдиёна» чемпионлик пойгасидан четга чиққанини таъкидлашмоқда. Бунга қўшилмаслигингиз тайин. Хўш, финишгача қолган 7та турда вазиятни ўнглаш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Менимча, қўл силташга ҳали эрта. Зеро, етакчилар ҳар қадамда очко йўқотаётганларини кўриб турибмиз. Нима бўлишидан қатъий назар, қолган ўйинларда боримизни берамиз, агар кейинги 3-4та турда максимал натижа қайд этсак, чемпионлик курашига ҳам қайтамиз. Фақат энди очко йўқотмаслик талаб этилади.

- «Сўғдиёна» учта фронтда кураш олиб бормоқда ва охирги ўйинларда клуб футболчилари бироз толиққандек кўринишди...

- Тўғри, чарчоқ йўқ эмас. ОФК кубогини ҳам назарда тутсак, тақвим жуда зич, яна кетма-кет кучли рақибларга қарши ўйнадик. Лекин буни баҳона сифатида кўрсатиш нотўғри. Бизда мақсад ҳамон ўша-ўша - ҳар бир турнирда энг юқори натижага интиламиз.

- Мана, ФИФА кунлари туфайли Суперлигада кичик танаффус юзага келди. Бу тиғиз тақвимдан бироз толиққан «Сўғдиёна»га қанчалик қўл келиши мумкин? 

- Ҳа, озгина нафас ростлаб олишга имкон туғилди. Хоҳлайсизми-йўқ, ҳар 3-4 кунда расмий ўйинда майдонга тушиш ўз таъсирини кўрсатади, барибир. Бундай тиғизлик ҳар қандай футболчига оғирлик қилади. Очиғи, охирги вақтларда ўйинларга тайёргарлик жараёни ҳам қийин кечаётганди.

- Демак, «Сўғдиёна»нинг охирги турлардаги ғалабасиз серияси чарчоқ билан изоҳланади, шундайми?

- Юқорида айтдим, чарчоқ таъсири йўқ эмас, аммо айрим учрашувларда биздан омад очиқчасига юз ўгиргани ҳам айни ҳақиқат.

- Ҳар қачонгидан қизиқарли кечаётган Суперлигада чемпионлик учун қайси жамоа имконияти кўпроқ, сизнингча?

- Айтиш қийин, дейлик, ҳозир ҳеч ким битта турдан ке­йин турнир жадвалининг кучли учлиги қандай кўриниш олишини айтолмаса керак. Шундай экан, қайсидир жамоани чемпионлик йўлидаги имкониятини баланд баҳолаш ноўрин. Бу кетишда олтин медаль тақдирини ҳал этиш масаласи охирги турга қолса, ажабмас.

- Жорий мавсум майдонда нисбатан кам вақт ўтказ­япсиз. Демоқчимизки, ҳозирги ҳолатингиз, сизга берилаётган имкониятдан кўнглингиз тўляптими?

- Ҳа, олдингидан камроқ майдонга тушяпман. Демак, ҳаракатни кучайтиришим талаб этилади. Кузатаётган бўлсангиз, бош мураббийимиз бу йил ротацияга катта эътибор қаратмоқда - бу тақвим тақозоси, албатта. Қолаверса, жамоада рақобат даражаси ҳам ошди. 

- Аслида «Сўғдиёна»нинг захира имконияти унча катта эмас. Бундай ҳолатда жамоанинг учта турнирда ҳам бор кучини ишга солиши қанчалик тўғри? Бу мавсумнинг энг муҳим палласида панд бермасмикан...?

- Тушунарлики, бизни олдинда мураккаб ўйинлар кутиб турибди. Муҳими, иштиёқимиз баланд ва насиб этса, максимал натижаларга эришамиз. Захирамиз узун бўлмасада, унда зарур пайт жамоага ёрдам бера оладиган футболчилар бор.

- Жамоанинг энг оғир ўйин­ларидан бири кубок дои­расида «Навбаҳор»га қарши бўлади. «Сўғдиёна»нинг Наманганда ижобий натижа қайд этиб, финалга чиқиш имконияти нисбатан паст баҳоланмоқда. Бунга нима дейсиз?

- Наманганда мухлислар билан тўлган стадионда ўйнаш ҳамиша қийин, шунинг баробарида ёқимли ҳам. Менимча, ўйиндан олдин ҳар икки жамоа имконияти тенг. Ҳа, рақибда мезбонлик фактори бор, лекин биз ҳам бўш келмаймиз. Ахир ўртага финал йўлланмаси қўйилган.

- Сизнингча, «Навбаҳор» билан баҳсда қайси футболчини кўпроқ зарарсизлантириш керак?

- «Навбаҳор»да жамоавий ўйин кучли, шунингдек, алоҳида ажралиб турган ижрочилар ҳам бор. Масалан, Искандеров ва Болтабоев. Лекин натижага эришиш учун бутун жамоани зарарсизлантириш керак.

- Мана, бу йил халқаро майдонда тўп суриш бахтига муяссар бўлдингиз. Таассуротлар...

- Табиийки, ички турнирлар ва халқаро мусобақалар ўртасида фарқ бор. Ҳар ҳолда, халқаро майдонда бутун мамлакат номидан ўйнайсиз ва масъулият шунга яраша баланд. Таассуротларга келсак, ҳаммаси зўр. Худо хоҳласа, асосийси ҳали олдинда. Мақсадимиз - ОФК кубогини ютиб, футболимиз тарихига ҳисса қўшиш.

- Турнирдаги бўлажак рақиб - «Куала-Лампур»ни ўрганиш ишлари бошландими, бу жамоа ҳақида қандай фикрдасиз?

- Очиғи, ҳозирча «Куала-Лумпур»ни унча билмайман, ҳали етарли маълумотга эга эмасман. Навбатдаги ўйинимиз АГМК билан. Шундан кейин бор эътибор ОФК кубоги ва Малайзия клубига қаратилади.

- «Сўғдиёна» илк бор икки турнир финалига яқинлашди - ОФК кубоги ва мамлакат кубоги. Биринчисидаги ғалаба нуфузли кубокни тақдим этса, иккинчиси ЧЛга йўл очади. Танлаш имкони берилганида, қай бирини маъқул кўрардингиз?

- Аввало, финалга чиқиш керак. Лекин бирини танлаш имконсиз. Қолаверса, олдимизга қўйилган ҳар бир вазифа муҳим.

- «Сўғдиёна» билан шарт­номангиз йил якунида якунланар экан. Келаси мавсум ҳам шу жамоада қоласизми?

- Буни вақт кўрсатади.

- Собиқ жамоангиз «Нав­баҳор» сиз ўйнаган пайтлар ҳам юқори ўринлар учун курашарди, аммо якунда нимадир халал бераверарди.  Ҳозир жамоада эмассиз, олдинги муваффақиятсизликлар ҳақида очиқ гапира оласизми?

- Мен ўйнаган даврда ҳам жамоа ёмон натижа кўрсатмаган, ўшанда ҳам кучли таркиб йиғилганди. Ҳозир эса эътибор янада кучайгани яққол сезиляпти.

Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди.

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 22:45, 30.09.2022.
Ўқилди: 1813 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.