"Арсенал" ҳимоячиси Вильям Салиба ёзги трансфер ойнасида "Барселона"га ўтиши мумкин эди. Испан клуби "Севилья"дан Жюл Кундени қўлга кирита олмаса, 21 ёшли футболчини сотиб олиш вариантини кўриб чиқди. Бу ҳақда Фабрицио Романо Twitter'да хабар берди.
21 ёшли Салиба "Арсенал"га 2019 йилнинг ёзида келиб қўшилган эди, аммо франциялик ҳимоячи бу мавсумда "канонирлар"нинг асосий таркибида тўлақонли футболчига айланди. У Англия Премьер-лигасининг (АПЛ) саккизта ўйинида иштирок этиб, иккита гол урди ва голли узатма берди.
"Арсенал" уни уч йил давомида ижарада ўйнатди. Салиба "Сент-Этьен", "Ницца" ва "Марсель" каби француз клубларида ўйнашга муваффақ бўлди.