«Осиё футболи очликка қарши» кампанияси 2012 йилнинг сентябрь – ноябрь ойларида давом эттирилади.
Бугунги кунда бутун жаҳон бўйлаб 1 миллиардга яқин киши озиқ-овқат етишмовчилигидан қаттиқ азият чекмоқда. Осиё мамлакатларида ҳам миллионлаб оилаларни қамраб олган очарчиликка қарши курашда профессионал футбол рағбат, эътибор ва моддий ёрдам кўрсатиш имкониятига, қудратига эга.
Худди шу мақсадда 2010 йили Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ҳамда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, 2011 йил давомида қитъа бўйлаб очарчиликка қарши курашга қаратилган 42та қўшма лойиҳа молиялаштирилган эди.
«Осиё футболи очарчиликка қарши» кампанияси ОФК Чемпионлар Лигасининг плей-офф босқичи ўйинларида ҳам давом этади. 2012 йилнинг сентябрь – ноябрь ойлари давомида ОФК, кампания доирасида, мусобақанинг бу босқичида иштирок этадиган саккиз жамоа – «Ульсан Хёнде» (Жанубий Корея), «Сепоҳон» (Эрон), «Гуангчжоу Эвергранд» (Хитой), «Аделаида Юнайтед» (Австралия), «Ал-Аҳли», «Ал-Ҳилол» (Саудия Арабистони) ва «Бунёдкор» жамоалари билан ҳамкорликда иш олиб боради.
Шу муносабат билан Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси сардори Виктор Карпенко «Осиё футболи очликка қарши» кампанияси элчиси этиб тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, ОЧЛ чорак финал ўйинлари 19 сентябрь ва 3 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси дастлаб «Аделаида Юнайтед» меҳмони бўлса, 3 октябрь куни австралияликларни қабул қилади.