Суперлига 21-туридан ўрин олган “Қўқон-1912” – “Локомотив” (0:0) баҳсидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Сервер Жепаров учрашувдаги омад, лигадаги майдонлар ҳолати, Жасур Жалолиддиновнинг қизил карточкаси ҳақида фикр билдирди.
“Биринчи таймда устунликка эришдик, аммо иккинчи таймда кўп энергия сарфлаб юбордик чоғи, чарчаб қолдик. Футболда омад ҳам керак, бусиз иложи йўқ. Рақибнинг зарбаси дарвоза устунига тегди ва бизни голдан сақлаб қолди”, - деди “темирйўлчилар” устози.
“Нима учун Суперлигада Тошкент ва Тошкент вилояти жамоалари кўп? Бу саволга бутун фаолиятим давомида футбол ичида юрган инсон сифатида жавоб берсам, бунга аввало спорт принципи, инфратузилма каби сабабларни кўрсатиш мумкин. Нукусдаги майдонларда ҳам ўйнаганман. У майдон ҳозир ҳам шундай. Аввало, майдонларни, инфратузилмани яхшилашимиз лозим. Ундан кейин жамоалар борасида гаплашиш мумкин. Нима учун биз Яйпанда ўйнадик? Сабабини барчамиз биламиз”.
“Жасур амбицияси кучли футболчи. Мен ҳам ёшлигимда шундай эдим. Бугунги ўйиндан кейин у билан гаплашиб оламиз. Нима учун қизил карточка олганини очиғи, ҳозир билмайман. Буни албатта муҳокама қиламиз. Мен доим футболчиларга майдонда ҳакамлар билан гаплашмасликни тайинлайман. Бунга қаршиман.”