Ўзбекистон миллий терма жамоаси 12 октябрь куни Ироқ миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар тарқатмоқда. Бунга қадар Миржалол Қосимов шогирдларининг Иордания ва Кувайт термаларига қарши ўртоқлик ўйинида иштирок этиши ҳақида маълумот берилганди.
Иордания ва Кувайт терма жамоаларига қарши халқаро ўртоқлик ўйинлари ЖЧ-2014 сўнгги саралаш босқичидан ўрин олган Жанубий Кореяга қарши беллашувга тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. «Осиё йўлбарслари» билан ўйин 11 сентябрь куни «Пахтакор» марказий стадионида бўлиб ўтади.
Ироқ миллий терма жамоаси билан ўтказиладиган ўртоқлик ўйини эса ЖЧ-2014 сўнгги саралаш босқичининг 5-туридан жой олган Қатарга қарши расмий ўйин учун тайёргарлик сирасига киради. Қайд этиш керак, 16 октябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси сўнгги саралаш босқичидаги ўзининг тўртинчи ўйинини Доҳада Қатарга қарши ўтказади. Тўрт кун олдин бўлиб ўтадиган Ироқ билан тўқнашувга ҳам айнан Қатар пойтахти Доҳа мезбонлик қилади.
Ироқ терма жамоаси ҳам худди Ўзбекистон сингари ЖЧ-2014 сари кураш олиб бормоқда. Саралашнинг «В» гуруҳида иштирок этаётган Зико шогирдлари IV босқич доирасида 2та ўйин ўтказиб, ҳар иккисида дуранг натижага имзо чекишган. Дастлаб Иордания билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган ироқликлар, кейинги ўйинда Уммонни 2 очкодан маҳрум қилишган – 1:1.
Ҳозирга қадар Ўзбекистон ва Ироқ миллий терма жамоалари ўзаро 5 бор тўқнаш келишган. Шуларнинг 3тасини ўз фойдасига ҳал қилган Ўзбекистон, яна 1тасида имкониятни бой берган. 1та ўйинда ғолиб жамоа аниқланмаган. Тўплар нисбати – 6:4, Ўзбекистон фойдасига. Томонлар сўнгги марта 2007 йилги Осиё Кубоги олдидан Сеулдаги ўртоқлик ўйинида куч синашишган. Беллашув 2:0 ҳисобида Ўзбекистон фойдасига ҳал бўлган. Орадан кўп ўтмай Ўзбекистон Осиё кубогининг чорак финалига қадар етиб борган бўлса, Ироқ қитъа чемпионлигини қўлга киритганди.