Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Тимур Кападзе ҳозирда миллий терма жамоамизда энг кўп майдонга тушган ўйинчи бўлиб турибди ва юзлик довонни забт этган илк футболчи сифатида тарихда қайд этилиши мумкин.
Шу йилнинг сентябрида 31 ёшини қаршилайдиган Темур Кападзе терма жамоамиз сафидаги дебют учрашувини 2002 йилнинг май ойида, Словакияга қарши кечган ўртоқлик ўйинида ўтказган ва ўшанда ўйин тугашига 10 дақиқа қолганда Андрей Власичев ўрнига майдонга тушган. Қизиғи, ўша ўйин Кападзени терма жамоага илк бор жалб этган мураббий Равшан Ҳайдаровнинг ҳам бу вазифадаги дебюти бўлганди.
Асосий таркибда эса илк бор ўша йилнинг август ойида, Латвиядаги ўртоқлик ўйинида майдонга тушган. Ўшанда терма жамоамиз 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
Тимур Кападзе бош жамоамиз учун илк голини Осиё-2004 саралаш ўйинида Тожикистон терма жамоаси дарвозасига киритган. У МТЖ да ҳаммаси бўлиб саккиз гол муаллифига айланган, унинг муҳим голлари сирасига Осиё-2007 да Хитой дарвозасига ва ЖЧ-2014 саралаши учинчи босқичида Шимолий Корея дарвозасига киритган голларини киритишимиз мумкин.
Кападзедан кейинги ўйинларда қўйидаги футболчилар бор:
95 ўйин - Тимур Кападзе
81 ўйин - Сервер Жепаров
72 ўйин -Александр Гейнрих
70 ўйин - Игнатий Нестеров
67 ўйин -Миржалол Қосимов
Тимур Кападзе ҳозир ҳам терма жамоамиз таркибида мунтазам майдонга тушаётгани ва август-сентябр ойлари Қосимов шогирдлари бир қатор расмий ва ўртоқлик ўйинларида майдонга тушишини эътиборга олсак, шу йилнинг кузидаёқ Тимур Кападзе миллий терма жамоамиз сафида ўзининг 100-ўйинида майдонга тушиши мумкин.