Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Рубин Санчес: «Мақсадга эришмагунча тўхташ йўқ»

Баҳо:
+ | -

Испаниялик мураббийлар раҳбарлигида истиқболли лойиҳа бўйича олдинга интилаётган «Сурхон» Суперлигада бироз қийналаётган бўлсада, жамоа ўйинида ижобий ўзгаришлар йўқ эмас.

Умуман, Термизда клуб  инфратузилмасини тубдан яхшилаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Футболчилар ҳам бунга жавобан маҳаллий мухлисларга қувонч улашиш, иложи борича муносиб натижа қайд этиш йўлида астойдил ҳаракат қилишмоқда. Жамоа сафида чакки таассурот қолдирмаётган ўйинчилардан бири - бу сафга давралар оралиғида қўшилган испаниялик ҳужумчи Рубен Санчес. Биз яқинда «Сурхон» матбуот хизмати кўмаги билан Рубендан эксклюзив интервью олишга муваффақ бўлдик.

- Рубен, мамлакатимизга ёзги трансферлар вақти келдингиз. Хўш таассуротлар қандай, ўзбек футболи даражаси кутганингиздек бўлиб чиқдими ёки...? 

- Аввало, суҳбатга чорлаганингиз учун катта раҳмат. Тўғрисини айтаман, маҳаллий футбол савиясидан ҳайратдаман. Ҳар бир учрашувда шиддат ва кураш яққол сезилмоқда, жамоалар таркибида кучли ижрочилар борлиги ҳам. Ўзбек диёрига боғлиқ таассуротлар ҳам ажо­йиб. Айниқса, одамларнинг очиқкўнгил ва самимий муносабатларини алоҳида айтишим керак. Турмуш ўртоғимга ҳам ушбу мамлакат жуда ёқди. Хуллас, маҳаллий шароитларга мослашишда қандайдир муаммо бўлгани йўқ.

- «Сурхон»га келишингиз ҳақида гапириб берсангиз - кимдан таклиф тушди ва трансфер қандай амалга ошди?

- Ҳаммаси жуда тезда содир бўлди. Аслида Испания клубларидан бири билан шартнома тузиш арафасида тургандим. Шу паллада агентим алоқага чиқиб, хориждан қизиқарли таклиф борлигини айтди. Очиғи, ўша вақт Испаниядан таш­қарига чиқиш ҳақида ўйламагандим ҳам. Кейин «Сурхон» вакиллари алоқага чиқишди, жамоа лойиҳаси билан таништиришди. Якунда клубни Суперлигада олиб қолишда кўмаклашишимдан умидвор эканликларини айтишди. Шу аснода ўз салоҳиятимни хорижда синаб кўриш истаги туғилди. Энди бу миссия бажарилмагунича ҳаракатдан тўхтамайман.

- Ортда қолган даврда 8та ўйинда майдонга тушиб, 5та гол уришга улгурдингиз. Статистикангиз чакки эмас, бу жамоа ва ўзбек футболига тезда мослашганингиздан дарак...

- Ҳа, шундай. Бунда жамоадошларим ва клубнинг барча ходимлари хизмати каттаки, уларга талаб даражасидаги қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдиришим керак. Клубдошларим айниқса, майдонда эркин тўп суришимга имкон борича ёрдам беришмоқда.

- «Сурхон» таклифини қабул қилишингизда испаниялик мураббийлар таъсири катта бўлгани тайин. Қизиқ, улар билан олдиндан танишмидингиз?

- Унчалик эмас. Лекин «Сурхон»нинг собиқ бош мураббийи билан ўртамизда яқин алоқалар бор. Айнан у клубга ёрдам бера олишимни айтди, мени етарлича қизиқтирди. Лекин мураббийлар штабидаги бошқа ҳамюртларимни яхши танимасдим.

- Қисқа вақтда «Сурхон»­да ўз ўрнингизни топдингиз, Суперлиганинг етакчи жамоаларига қарши ўйин­ларда иштирок этиб, бинойидек таассурот уй­ғотдингиз. Ҳозирда чемпионлик учун курашаётган жамоалар тайин. Хўш, легионер футболчи сифатида «олтин»га даъвогарлар ўйи­ни хусусида нима дея оласиз?

- Кўриниб турибдики, чемпионат етакчиларида ўзига хос кучли томонлари бор. Ҳар бири ўзига яраша устунликларга эга. Асосийси, уларда барқарорлик жойида. Қолаверса, ўйин картинаси ҳам чакки эмас. Айниқса, «Навба­ҳор»га қарши сафар учрашувида стадиондаги муҳит, мухлислик даражасидан лол қолдим. Гап йўқ, манзара худди еврофутболдагидек! «Насаф» ва «Пахтакор» майдонида эса ўйнаганим йўқ. Ўйлайманки, шу кетишда чемпионлик учун кураш интригаси финишга қадар ўлмайди.

- Жамоангиз амалдаги чемпион «Пахтакор»ни олтинга тенг очколардан маҳрум қилди. Ўша ўйин хусусида ҳам тўхталсангиз: асосий даъвогарлардан бири билан ниманинг ҳисобига тенгма-тенг кураш олиб бординглар?

- Биринчидан, «Пахтакор»­га қарши баҳсда ҳимояда ўта тартибли ҳаракатландик. Иккинчидан, бутун жамоа очко учун борини берди. Аслида ўша ўйинда ғалабани кўзлагандик ва бунга имкон ҳам йўқ эмасди. Умуман, ҳар икки жамоа етарлича вазиятлар ҳосил қилганини инобатга олсак, якуний дуранг адолатли натижа бўлди. Муҳими, кучли рақибдан тортиб олинган очко жамоада ишончни оширди, бу мавсумнинг қолган қисми учун ажойиб мотивация бўлиб хизмат қилишидан умидворман.

- Олдинда яна 4та тур қолди. «Сурхон»ни эса оғир ўйинлар кутиб турибди. Сизнингча, жамоада Суперлигада қолиш вазифасини бажариш имконияти қандай?

- Ҳа, қолган ҳар бир ўйин мураккаб тус олиши ўз-ўзидан тушунарли. Ўйлайманки, агар сўнгги бир неча ҳафтада кўрсатилган ўйин савиясини бузиб қўймасак, Суперлигада бемалол «жон» сақлаб қолишимиз мумкин. Ҳар ҳолда, сифат бор, ишонч бор. Фақат ўз ўйинимизни кўрсата олсак, бас.

- Энди шартномангиз ҳақида ҳам маълумот берсангиз. Агар клуб келишув муддатини узайтиришни истаса, жавобингиз қандай бўлади?

- Ҳозирча амалда шартнома бор. Мен учун энг муҳими - бажарилган ишлардан аввало, клуб қониқиш ҳосил қилиши керак. Албатта, ўзимнинг ҳам майдон ва унинг ташқарисида эркин бўлишим муҳим. Ҳозирча барчаси ёқяпти. Лекин олдиндан баралла гапириш ярамайди. Мавсум тугасин, барчасини бафуржа кўриб чиқамиз агар янги шарт­нома таклиф этишса, албатта.

- Ўзбек футболида тўп­урар ҳужумчиларга катта эҳтиёж бор. Жамоаларда яққол голеадорлар йўқлиги сезиляптими, бу борада нима дея оласиз?

- Ўзбекистонда фаолият бошлаганимга ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Шундай экан, бу масалада дангал гапиришим ёки қандайдир изоҳ беришим жоиз эмас. Жамоамизнинг охирги ўйинларида амплуадошим Бобожонов билан бир-биримизни яхши тушуниб тўп суряпмиз. Мен учун энг муҳими шу. 

Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 21:08, 28.10.2022.
Ўқилди: 1620 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.