Осиё футбол конфедерацияси қитъанинг клублар миқёсидаги энг нуфузли мусобақаси — Осиё чемпионлар лигаси форматини ўзгартиришга қарор қилди. Янги формат ҳақида Алишер Никимбаев ўзининг телеграмдаги канали орқали хабар берди.
Демак, 2024/2025 йилги мавсумдан бошлаб ОЧЛнинг гуруҳ босқичида жами 24та жамоа иштирок этиши кутилмоқда (ҳозирда гуруҳ босқичида 40та жамоа иштирок этади; ўзи 2021 йилдан бошлаб 32тадан 40тага ўтганди). Бунда жамоалар фақат 2та гуруҳга — Ғарб ва Шарқ гуруҳларига бўлинишади. Ҳар бир гуруҳда 12тадан жамоа бўлади. Ўйинлар шахматда қўлланиладиган "швейцарча" тизимда ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Бундай форматда барча мамлакатларга ажратиладиган квоталар сони камаяди. Клублар рейтингида дастлабки 2та поғонани банд этган мамлакатларга гуруҳ босқичига 2та ўрин берилади ва пастга қараб тушган сари квоталар камайиб боради.
ОЧЛ гуруҳ босқичида клублар сони камайтирилганидан кейин ОФК янги мусобақани ташкил этмоқда. Клубларнинг учинчи мусобақасига ОФК президенти кубоги номи берилади (бир пайтлар шундай номдаги мусобақа бўларди).
Чемпионлар лигаси — 24та клуб (гуруҳ босқичидаги клублар сони)
ОФК кубоги — 32
ОФК президенти кубоги — 20
Янги форматда ОЧЛ саралаш босқичида ютқазган жамоалар тўғридан-тўғри ОФК кубоги гуруҳ босқичига ўтади.